Латвияда рус тили кескин тақиққа учради
World
−
18:26 1046 2 minutes
Латвия Сейми (парламент) жамоат телерадиокомпанияси (LSM)га рус тилида контент яратишни тақиқлади. Бу ҳақда LSM’га таяниб, “The Insider” хабар қилди.
Қайд этилишича, қонун лойиҳасини 55 нафар депутат қўллаб-қувватлаган, 24 нафари эса қарши овоз берган. Янги тартибга кўра, LSM рус тилида фақат фавқулодда вазиятларда, дезинформацияни мақсадли равишда рад этиш ёки алоҳида ҳолат эълон қилинганида ахборот тарқатиши мумкин.
LSM маълумотига кўра, фавқулодда вазият деганда ҳукумат давлат ва муниципал ташкилотлар, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаши ёки уларга қўшимча мажбуриятлар юклаши мумкин бўлган махсус ҳуқуқий тартиб тушунилади. Бундай ҳолат уруш, табиий офат ёки унинг хавфи юзага келганда эълон қилинади.
Алоҳида ҳолат эса мамлакатга ташқи душман таҳдид солганда ёки демократик давлат тузумига хавф туғдирадиган ички тартибсизликлар бошланганида жорий этилиши мумкин.
Шунингдек, рус тилидан дезинформацияни рад этишда фойдаланишга рухсат берилади. Бунинг учун тарқатилган контент чалғитувчи, ёлғон ёки демократия ҳамда Латвия давлатига таҳдид солувчи бўлиши керак. Бундай вазиятда жамоат ОАВи давлат хавфсизлигига таҳдиднинг кўлами ва хусусиятини ҳисобга олиши лозим.
Аввалроқ Латвия жамоат ОАВлари миллий озчиликлар тилларида контент яратиши керак эди. Бироқ жорий йилнинг 30 март куни Латвия Конституциявий суди рус тили маҳаллий ОАВда етарли даражада мавжуд эканини ва давлат бу борада алоҳида “ғамхўрлик” қилишга мажбур эмаслигини билдирган.
Қонунни қўллаб-қувватлаган депутатлар мазкур ўзгариш латиш тилининг медиа маконидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилганини айтган. Сеймдаги “Яшиллар ва деҳқонлар иттифоқи” фракцияси раҳбари Харийс Рокпелниснинг фикрича, тил минтақадаги таъсирни кучайтириш воситаси бўлиши мумкин.
“Россия тарихан рус тилидан минтақадаги таъсирини мустаҳкамлаш учун фойдаланган. Энди Латвия латиш тилини мустаҳкамлаш вақти келганини англамоқда”, деган у.
Мухолифатдаги “Барқарорлик!” фракцияси депутати Светлана Чулкова эса бундай чекловлар рус тилида сўзлашувчи аҳолининг бошқа ахборот манбаларига ўтишига олиб келиши мумкинлигини билдирган.
Унинг айтишича, рус тилидаги контентни чеклаш натижасида одамлар бошқа платформалар, жумладан, Латвияда тақиқланган Россия телеканаллари ва YouTube’даги манбаларга мурожаат қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев рус тилини сиёсийлаштирмасликка чақиргани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All