Латвия ўзбекистонликларга визани чеклайдими? ТИВ изоҳ берди
Local
−
10:01 1005 2 minutes
Аввалроқ, Латвия Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларига виза беришни вақтинча тўхтатишни таклиф этгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур вазият юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдириб, фуқароларга мурожаат қилди.
Қайд этилишича, ушбу хабарлар эълон қилинган заҳоти Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тегишли дипломатик чоралар кўрилган. Хусусан, Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонаси томонидан Латвия Бош вазири офиси раҳбарияти, Ташқи ишлар ва Иқтисодиёт вазирликлари, шунингдек, Президент Администрацияси вакиллари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказилган. Шу билан бирга, ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Латвиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳам мулоқотлар олиб борган.
Музокаралар давомида Латвия томонига таклиф этилаётган чораларнинг икки томонлама муносабатларга эҳтимолий таъсири юзасидан Ўзбекистоннинг позицияси етказилган. Кўрилган чоралар натижасида Латвия томони мавжуд ҳолатга ўзгартириш киритишга эҳтиёж йўқлигини илгари сурган.
“Ўзбекистон Латвия билан шаклланган дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни юксак қадрлайди. Латвия мамлакатимизнинг Европа Иттифоқидаги муҳим ҳамкорларидан бири бўлиб, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, миграция ва бошқа соҳалардаги алоқаларимиз изчил ривожланиб бормоқда”, дейилади изоҳда.
Шу билан бирга, ТИВ хорижда бўлиб турган ёки хорижга чиқишни режалаштираётган фуқароларни мамлакат қонунчилигига қатъий риоя қилишга, миллий урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилишга ва ўз хатти-ҳаракатларига масъулият билан ёндашишга чақирган.
Айрим шахсларнинг қонунбузарликка йўл қўйиши нафақат уларнинг ўзларига, балки хорижда қонуний асосда ўқиб, ишлаб, саёҳат ёки истиқомат қилиб юрган бошқа фуқароларга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.