Ўзбекистон ва Таиланд визасиз режим бўйича битим имзолашга келишди

Local

−

image

Аввалроқ, Таиланд ҳукумати Ўзбекистон, Колумбия ва Мексика фуқаролари учун мамлакатга 15 кунгача визасиз кириш тартибини жорий этишни таклиф қилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Таиландга визасиз сафар қилиш масаласи юзасидан олиб борилаётган музокаралар ҳақида маълумот берди.

Вазирликка кўра, жорий йилнинг май ойидан буён Ўзбекистон фуқароларининг Таиландга бориши учун қулай шароитлар яратишга қаратилган дипломатик саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Жумладан, Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги билан бир қатор тўғридан тўғри музокаралар ўтказилган. Улар давомида икки мамлакат ўртасида визасиз сафарлар тўғрисидаги битимни имзолаш бўйича келишувга эришилган. Ҳозирда мазкур ҳужжат матни Таиланд томонидан кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари Таиланд электрон визаларини расмийлаштиришда дуч келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича ҳам дипломатик ишлар олиб борилмоқда. Бу йўналишда Ўзбекистоннинг Таиланддаги Бош консулхонаси Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Туризм ва спорт вазирлиги билан мунтазам учрашувлар ўтказмоқда. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси эса Таиланднинг Москвадаги дипломатик ваколатхонаси билан ҳамкорлик қилмоқда.

Таиланд ҳукумати томонидан таклиф этилаётган 15 кунлик визасиз тартиб хорижлик сайёҳлар учун виза расмийлаштириш жараёнидаги кечикишларни бартараф этиш ва узоқ масофадан келувчи туристлар оқимини оширишга қаратилган.

Маълумотларга кўра, виза олишдаги муаммолар, айниқса, Лотин Америкаси давлатларидан келаётган сайёҳларга қийинчилик туғдирмоқда. Жумладан, Emirates авиакомпанияси Таиланд туризм идорасига Мексикадан учаётган йўловчиларнинг визалари ўз вақтида расмийлаштирилмагани сабабли рейсларга кела олмаётгани юзасидан шикоят қилган. Ҳар бир рейсда 20–30 нафар йўловчи сафарга чиқа олмагани қайд этилган.

Таиланд вазири Сурасак Пханчараенворакул таклиф этилаётган тартиб хавфсизлик ва иқтисодий жиҳатдан баҳоланишини билдирган. Унинг таъкидлашича, хавфсизлик нуқтаи назаридан паст хатарли деб топилган давлатлар фуқаролари учун визасиз кириш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.

Таиланд ҳукумати таклифига кўра, тегишли масала 9 ноябрь куни Виза сиёсати қўмитаси йиғилишида кўриб чиқилиши кутилмоқда. Ҳозирча Ўзбекистон фуқаролари учун 15 кунгача визасиз кириш тартиби расман тасдиқланмаган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends