Мисрга борадиган ўзбекистонликлар учун хушхабар эълон қилинди
Local
−
20:23 3248 2 minutes
Ўзбекистон фуқароларининг Миср Араб Республикасига киришига оид янги қоидаларни жорий этиш муддати 2027 йил 1 мартга қадар кечиктирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси томонидан Миср томони билан тўғридан тўғри музокаралар олиб борилиши натижасида Ўзбекистон фуқароларининг ушбу ҳудудга кириш тартибини қатъийлаштириш бўйича аввал қабул қилинган қарорни қайта кўриб чиқиш юзасидан келишувга эришилган.
Шу тариқа, янги қоидалар кучга киргунига қадар Ўзбекистон фуқаролари Мисрга амалдаги тартиб асосида саёҳат қилиши мумкин.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хорижий ҳамкорлар билан фуқароларнинг чет элга сафар қилиш имкониятларини кенгайтириш, визасиз режимларни жорий этиш ҳамда бошқа хорижий давлатлар билан мавжуд сафар тартиб-таомилларини соддалаштириш борасида изчил ишларни давом эттирмоқда.
“Ўз навбатида, фуқароларимизни хорижий давлатларга сафар қилиш чоғида маҳаллий қонунчилик ва белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя этиш, виза ва мигратсия талабларини бажариш, шунингдек, борилаётган мамлакатнинг миллий қадриятлари, анъаналари ва жамоат тартибини ҳурмат қилишга чақирамиз”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ТИВ ҳар бир фуқаронинг хорижда масъулиятли хулқ-атвор намоён этиши Ўзбекистоннинг ижобий имижини мустаҳкамлаш ва мамлакатнинг халқаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Миср Араб Республикасига кириши бўйича янгиланган тартиб жорий этилиши керак эди.
Live
All