Мисрда 3 минг йиллик икки улкан фиръавн ҳайкали топилди
World
−
18:22 522 2 minutes
Мисрнинг Нил делтаси ҳудудидаги қишлоқда қарийб 3 минг йил давомида ер остида қолиб кетган иккита улкан фиръавн ҳайкалининг қолдиқлари топилди. Улардан бири қадимги Мисрнинг машҳур ҳукмдори Рамзес II га тегишли экани тасдиқланган. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.
.png)
Қайд этилишича, топилма Қоҳирадан тахминан 100 километр шимолда жойлашган Беҳбейт ал-Ҳажар қишлоғида аниқланган. Бунга маҳаллий деҳқоннинг ўз даласида сирли тош бўлагини кўриб қолиши сабаб бўлган. Тошнинг қадимийлигини тахмин қилган деҳқон бу ҳақда тегишли идораларга хабар берган. Шундан сўнг, мутахассислар ҳудудга археологларни юборган.
.png)
Қазиш ишлари давомида иккита улкан қироллик ҳайкалининг қолдиқлари аниқланган. Миср Туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирлигининг баёнотида ҳайкаллардан бири Рамзес II га тегишли экани, иккинчиси ҳам, эҳтимол, шу ҳукмдорни тасвирлаши айтилган.
Топилмаларнинг энг диққатга сазоворларидан бири Рамзес II нинг баландлиги тахминан 1,6 метр бўлган улкан боши ҳисобланади. Унда фиръавн Юқори ва Қуйи Мисрнинг бирлашувини ифодаловчи қўш тожда тасвирланган. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳайкал тўлиқ ҳолатида пойдевори билан бирга тахминан 8,5 метр баландликда бўлган.
Иккинчи ҳайкалнинг узунлиги эса қарийб 2,4 метрни ташкил этади. Бироқ унинг оёқлари ва пастки қисми йўқолган. Шунга қарамай, тадқиқотчилар ҳайкалнинг юз қисми минг йиллар ўтганига қарамасдан яхши сақланиб қолганини қайд этган.
Қазишмалар давомида Рамзес II нинг қироллик унвонлари битилган иероглиф ёзувлари туширилган пушти гранит бўлаги ҳам топилган.
Расмийлар топилмага сабабчи бўлган деҳқоннинг ҳаракатларини юқори баҳолаган. Унинг тош ҳақида тезкор равишда хабар бериши Мисрнинг муҳим маданий меросини ҳимоя қилишга ёрдам берган.
Ҳозирда ҳудудда қазиш ишлари давом этмоқда. Археологлар қишлоқ остида бошқа қадимий буюмлар ҳам қолган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Янги топилмалар бу ҳудудда қадимда мавжуд бўлган ибодатхона мажмуаси ва унинг Рамзес II ҳукмронлиги давридаги аҳамияти ҳақида қўшимча маълумот бериши мумкин.
Нашрга кўра, Беҳбейт ал-Ҳажар Мисрнинг Нил делтаси ҳудудидаги машҳур археологик жойлардан бири бўлиб, у қадимги Исида ибодатхонасининг улкан қолдиқлари билан танилган. Асосан йирик гранит блоклардан қурилган ушбу ибодатхона Миср тарихининг кеч даври ва Птолемейлар сулоласи ҳукмронлиги вақтида муҳим диний марказлардан бири бўлган.
Маълумот учун, Рамзес II – Қадимги Мисрнинг XIX сулоласи вакили бўлиб, милоддан аввалги XIII асрда ҳукмронлик қилган фиръавн. У тахминан милоддан аввалги 1279–1213-йилларда Мисрни бошқарган ва мамлакат тарихидаги энг машҳур ҳукмдорлардан бири ҳисобланади. Рамзес II даврида кўплаб ибодатхоналар ва улкан меъморий ёдгорликлар қурилган. У тарихда Рамзес Буюк номи билан ҳам танилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистондаги Иссиқкўл кўли тубидан археологлар X–XI асрларга оид Қорахонийлар даври тангаларини топган эди.
Live
All