Диққат! Энди ўзбекистонликлар Мисрга бориш учун олдиндан виза олиши шарт
Local
−
08 October 1380 2 minutes
Дипломатик каналлар орқали олинган маълумотларга кўра, жорий йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Миср Араб Республикасига кириши бўйича янгиланган тартиб жорий этилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси хабар берди.
Қайд этилишича, энди Ўзбекистон фуқаролари Мисрга сафар қилишдан олдин кириш визасини Мисрнинг дипломатик ваколатхоналари орқали олдиндан олишлари шарт. Шунингдек, туристик сафарлар ваколатли туроператорлар орқали ташкил этилади.
Ёшга оид талаблар ва молиявий кафолатлар ҳам ўзгармоқда. Хусусан, 40 ёшгача бўлган сайёҳлар Мисрга фақат яқин оила аъзолари (ота-она, эр-хотин ёки фарзандлари) ҳамроҳлигида сафар қилиши мумкин. Бунда оила тасарруфида сафар давомида камида 5000 АҚШ доллари миқдорида нақд маблағ мавжуд бўлиши талаб этилади.
Шунингдек, 40 ёшдан юқори бўлган мустақил саёҳат қилувчилар камида 3000 АҚШ доллари миқдорида нақд молиявий маблағга эга бўлиши лозим.
Мисрга кириш чоғида қуйидаги ҳужжат ва маълумотлар тақдим этилиши шарт:
- меҳмонхона брон қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
- мобил алоқа маълумотлари;
- етарли молиявий таъминот тасдиғи.
Миср ҳудудида бўлиш давомида туристик визани бошқа турдаги визага алмаштириш бўйича мурожаатлар қабул қилинмайди. Шунингдек, зарур ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаган шахслар мамлакатга киритилмаслиги ва уларни олиб келган авиакомпания орқали қайтарилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Қоҳира шаҳридаги элчихонаси фуқаролардан Мисрга сафарларни режалаштиришда ушбу маълумотларни инобатга олишларини сўрамоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонаси Таиландга виза олиш тартиби бўйича тушунтириш берган эди.
Live
All