Кремль Зеленскийнинг Путин билан учрашиш таклифига жавоб қилди
Олам
−
13 Май 2022
31838Москва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Украина Президенти Владимир Зеленский ўртасидаги учрашувни рад этмаяпти, аммо уни тайёргарликсиз ўтказиш мумкин эмас. Бу ҳақда бугун, 13 май куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Бу ерда позиция ҳеч қандай тарзда ўзгармади. Сиз Россия Президентининг позициясидан яхши хабардорсиз: ҳеч ким априори бундай учрашув имкониятини рад этмайди, лекин бунга тайёр бўлиш керак”, дейди Кремль матбуот котиби.
Песковнинг сўзларига кўра, ушбу учрашувга тайёргарлик фақат тегишли ҳужжат, келишув ишлаб чиқишда намоён бўлиши мумкин ва бўлиши керак, кейин эса энг юқори даражада якунланиши лозим. Бундай тайёргарлик чораларисиз йиғилиш ўтказиш қийин.
“Бундай ҳужжатни тайёрлашга келсак, бу йўналишда ҳеч қандай ўсиш йўқ. Ҳужжат юзасидан биз аллақачон гаплашдик, бироқ ҳаракат йўқ. Бизнинг шартларимиз ҳаммага маълум, улар аниқ шакллантирилган ва қоғозга туширилган, буларнинг барчаси Украина томонига топширилган. Жавоб йўқ”, дея хулоса қилди Кремль матбуот котиби.
Эслатиб ўтамиз, Украина Президенти Владимир Зеленский Путин билан ҳеч қандай воситачиларсиз ва ультиматумларсиз учрашишга тайёрлигини айтганди.
Маълумот учун, Зеленский Путин билан шахсан гаплашишга тайёрлигини бир неча бор таъкидлаган. Март ойи ўрталарида у Киев Москва билан келишув бўйича музокаралар чоғида икки давлат раҳбарлари ўртасида учрашув ўтказишга интилаётганини эълон қилди.
Март ва апрель ойи бошида Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Путин ва Зеленский ўртасида юзма-юз учрашув ўтказиш учун делегациялар биргаликдаги аниқ ҳужжат ишлаб чиқиш зарурлигини айтган эди.
Делегациялар таркибида Москва ва Киев ўртасидаги музокаралар юзма-юз ҳам, видеоалоқа орқали ҳам бўлиб ўтди, бироқ томонлар келишув шартларига ҳалигача ягона ёндашувни ишлаб чиқа олмади. Энг катта муваффақиятга Россия ва Украина вакилларининг 29 март куни Истанбулда бўлиб ўтган учрашувида эришилди. Ўшанда Киев Москвага Украина учун хавфсизлик кафолатларини бўйича ёзма таклифларни топширди. Москва, ўз навбатида, Киев ва Чернигов яқинидаги ҳарбий фаолликни камайтиришга ваъда берди.
Бироқ, Буча материаллари нашр этилгандан сўнг, музокаралар деярли тўхтаб қолди. Бу воқеалардан кейин Москва Украина томони музокаралар бўйича янги ёзма таклиф билан чиққанини эълон қилди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси