Кремль Байден ваъдасини бажарганига шубҳа билдирди
Олам
−
10 Ноябрь 2021
5629Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден Россия Президенти Владимир Путинга бутун дунё бўйлаб хакерларни қўлга олиш ҳақида берган ваъдасини бажарганини айтганди.
Россия Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков Байденнинг айтганларига муносабат билдириб, Москвада ушбу баёнот бўйича батафсил маълумот йўқлигини таъкидлади.
“Бизда батафсил маълумот йўқ ва бу ҳолатда биз ҳеч қандай изоҳ бермаймиз”, дейди Кремль вакили.
АҚШ Президентининг баёноти Америка бош прокурори ва Адлия вазири Меррик Гарленд Қўшма Штатлар хакерлик ҳужумларида гумонланаётган россиялик Евгений Полянинга қарши айбловлар қўйганини айтганидан кейин янгради.
Песковнинг таъкидлашича, Россия Федерацияси ва Қўшма Штатлар ўртасида кибержиноятчилик бўйича мулоқот давом этмоқда, томонлар унга қарши курашиш зарурлиги ҳақида келишиб олган.
“Женевадаги саммитда эришилган келишувлар давоми сифатида икки томоннинг кибержиноятчиликка қарши кураш бўйича ваколатли идоралари иштирокида икки томонлама маслаҳатлашувлар механизми ишга туширилди ва бу мулоқот давом этмоқда”, деган Песков.
Икки давлат хизматлари бир-бирининг ишига қанчалик сингиб кетганлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Песков “хизматларни бир-бирининг ишига сингдириб бўлмайди, хизматлар келиб тушган сўровларни муҳокама қилади ва керак бўлганда аниқ вазиятларни таҳлил қилади”, деб таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин Америка Президенти Жо Байден билан келаси йил бошида учрашиши мумкин.