Байден Путинга берган ваъдасини бажарганини маълум қилди

Олам 8125
image
-

АҚШ Президенти Жо Байден Россия Президенти Владимир Путинга бутун дунё бўйлаб хакерларни қўлга олиш ҳақида берган ваъдасини бажарганини айтди.  

“Июнь ойида Президент Путин билан учрашганимда, мен АҚШ кибержиноятчиларни жавобгарликка тортиш учун чора кўришини аниқ айтгандим. Биз буни бугун қилдик”, деган Оқ уй раҳбари. 

Ҳужжат Қўшма Штатлар Россия фуқароси Евгений Полянский ва украиналик Ярослав Васинскийга нисбатан киберфирибгарликда айблов қўйгани маълум бўлгач эълон қилинган. 

“Бу йўналишда ҳали қилинадиган ишлар кўп. Аммо Америка керакли инфратузилмани мустаҳкамлаш учун муҳим қадамлар қўйди”, деган Байден. 

Байденнинг қўшимча қилишича, унинг маъмурияти америкаликлар ва Америка манфаатларини кибер таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун барча мавжуд воситалардан фойдаланишда давом этади. 

Қўшма Штатларда Полянин ва Васинский кибертўлов дастурлари билан шуғулланган ва ўз қурбонларидан 200 миллион доллардан ортиқ криптовалюта олган хакерлар гуруҳига алоқадорликда гумон қилинмоқда. АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари бутун дунё бўйлаб 175 мингга яқин компьютерга киритилган Sodinokibi/REvil дастурий таъминотидан фойдаланган. Уларнинг иккиси ҳам санкция рўйхатига киритилган. 

Бош прокурор Меррик Гарленднинг сўзларига кўра, Полянин “товламачилик мақсадида киберҳужумлар”да айбланган. Америка адлиясига кўра, у ўз қурбонларидан жами 13 миллион доллар олган, шундан олти миллиондан ортиғи мусодара қилинган. 

Россиялик 28 ёшда экани ва у Барнаулда бўлиши мумкинлиги айтилган. Васинский июль ойида Kaseya IT фирмаси ва яна тўққиз Америка компаниясига қилинган киберҳужумда гумон қилинмоқда. 

Украиналик эса 22 ёшда, у аллақачон Польшада ҳибсга олинган ва АҚШга депортация қилиниши режалаштирилган. Йигитга 11 та банд, жумладан, фирибгарлик ва пул ювиш учун тил бириктириш ҳамда компьютерларга қасддан зарар етказиш бўйича айблов қўйилган. 

Давлат департаментининг таъкидлашича, АҚШ ҳукумати Sodinokibi/REvil гуруҳи раҳбарларини аниқлаш ва топишга ёрдам берадиган маълумот учун ўн миллион долларгача мукофот таклиф қилмоқда.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 214
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×