Коронавирус хавфи: Бош прокуратура аҳолига мурожаат йўллади
Жамият
−
06 Апрель 2020
14112Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалаётган бир вақтда одамларни огоҳ бўлишга чақириб, мурожаат йўллади.
“Короновирус инфекциясининг шиддат билан тарқалаётгани бутун инсониятни жиддий ташвиш ва хавотирга солмоқда.
Ҳар бир давлат ўз имконияти доирасида бу офатнинг таъсирини юмшатиш ҳамда кенг тарқалишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда, турли мамлакатларда турлича фавқулодда чоралар кўрилмоқда.
Бироқ, ваҳима ва таҳликага тушмасдан, оқилона, аниқ мақсадга қаратилган қатъий чораларни кўриш, метиндек мустаҳкам тартиб-интизом асосида ҳамжиҳатликда ҳаракатланишгина инфекцияни жиловлашнинг бирламчи омили бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармон ва қарорлари ҳамда бевосита кўрсатмалари асосида ана шундай қатъий, қисқа муддатда самара бериши аниқ бўлган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Уларнинг тўлиқ рўёбга чиқарилиши учун барча давлат органлари бирдек масъул эканини ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ.
Бош прокуратура жорий йилнинг 4 апрелида короновирус кенг тарқалишининг олдини олиш, тегишли хизматларга мазкур касалликка чалинган беморлар билан алоқада бўлган шахсларни тезкор равишда аниқлаш ва уларнинг бошқа фуқаролар билан мулоқотини чеклаш бўйича кўмаклашиш чораларини белгилади.
Жумладан, Бош прокуратурада короновирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган шахслар доирасини аниқлаш бўйича идоралараро Штаб, ҳудудларда эса, идоралараро ишчи гуруҳлар тузилди.
Мазкур гуруҳлар короновирус инфекциясига чалинган беморлар билан тегишли суриштирув ишларини ўтказади, уларнинг эпидемиологик маршрути, ким билан қачон, қаерда мулоқотга киришганини аниқлайди.
Фурсатдан фойдаланиб, Бош прокуратура фуқароларимиздан бугундан бошлаб ўзларининг кундаликларини юритишларини сўрайди.
Ҳар бир фуқаро қачон, ким билан, қаерда ва қай тарзда мулоқот қилганини ёзиб бориши мақсадга мувофиқдир.
Бу маълумотлар аввало, касалликнинг олдини олиш, унинг тарқалишига чек қўйиш, пировардида минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади.
Зотан, аксарият давлатлар тажрибаси инфекциянинг илк зарбаларини қабул қилиб олаётган тиббий хизматнинг унга чалинганлар билан мулоқотда бўлганларни аниқлаш ҳамда тегишли тартибда карантинга жойлаштиришда қийинчиликларга дуч келаётгани, даволашга сарфаланадиган вақт ва имконият йўқотилаётганини кўрсатди.
Бугун ҳеч бир фуқаронинг бепарво бўлишга, ғафлатда қолишга ҳаққи йўқ.
Ҳар бир фуқаро берилган тавсия ва кўрсатмаларга амал қилмаса, аввало, ўзининг, оиласининг, яқинларининг ва бошқа инсонларнинг ҳаётига хавф туғдириши, ҳатто умрига зомин бўлиши мумкинлигини унутмаслиги зарур.Короновирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган шахслар доирасини аниқлаш бўйича Бош прокуратурадаги Штаб, ҳудудлардаги ишчи гуруҳлар инфекциянинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, унинг мудҳиш оқибатларининг олдини олиш борасида барчани ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка чақиради”, дейилади Бош прокуратура мурожаатида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар сони 390 нафарга етди. Уларнинг 30 нафари даволанди, 2 нафари вафот этди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь