Кинематография агентлиги директори “Sevimli” фойдасини кўзлаб бюджетдан пул ажратгани тасдиқланди
Жамият
−
24 Январь 2022
12759Ўзбекистон Кинематография агентлиги “Sevimli” телеканалига давлат буюртмаларини бериб келгани, шунингдек, субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани эҳтимоли бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганиш бошлагани ҳақида хабар берган эдик. Агентлик ўрганиш натижаларини эълон қилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, Кинематография агентлиги томонидан шартномалар тузилишида ва давлат субсидияси маблағларининг тақсимланишида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги ҳолатлари аниқланган.
Хусусан, Кинематография агентлиги директори ва бир вақтнинг ўзида субсидия маблағларини тақсимлаш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколатига эга Бадиий кенгаш раиси – Фирдавс Абдухолиқов субсидия маблағларининг тақсимланиши ва контрагентни танлаш жараёнида яқин қариндошлари бенефициар бўлган (таъсисчилари: Шарапова Ф.С. - Фирдавс Абдухолиқовнинг турмуш ўртоғи 70 фоиз, Рашидова А.Ф. - Фирдавс Абдухолиқовнинг қизи 20 фоиз, Абдухаликов А.Ф. - Фирдавс Абдухолиқовнинг ўғли – 10 фоиз) “Master Media Production and Broadcast” МЧЖ билан манфаатлар тўқнашувига эга бўлса-да, бу ҳолатни бартараф қилиш чораларини кўрмасдан, мазкур жамият манфаатларини ёқлаб овоз беришда ва қарорлар қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этган.
Масалан, 2021 йилнинг ўзида Кинематография агентлиги томонидан берилган давлат буюртмалари асосида “Sevimli” телеканали (“Master Media Production and Broadcast” МЧЖ) иштирокида “Орзулар палатаси” ва “Тузоқ” сериаллари суратга олинган.
Жумладан, 2021 йилнинг 22 февраль куни Кинематография агентлиги, “Master Media Production and Broadcast” МЧЖ ҳамда “MY-FILMS” МЧЖ ўртасида “Орзулар палатаси” миллий сериалини суратга олиш мақсадида қиймати 3,0 млрд сўмлик шартнома имзоланиб, Кинематография агентлиги томонидан 1,5 млрд сўм пул маблағлари “MY-FILMS” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.
Бундан ташқари, Кинематография агентлиги ҳамда “Master Media Production and Broadcast” МЧЖ ўртасида “Тузоқ” миллий сериалини суратга олиш учун 2021 йилнинг 18 май куни жами қиймати 1,8 млрд сўмлик икки томонлама шартнома (dxarid.uz тўғридан-тўғри шартнома орқали) имзоланган ва 1,8 млрд сўм пул маблағлари жамият ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.
Шунга кўра, мазкур ҳолатларда Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов яқин қариндошлари таъсисчилигидаги МЧЖнинг манфаатларини кўзлаб, давлат бюджетидан жуда кўп миқдордаги пул маблағларининг ажратилишига эришиб, қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўрганиш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Бош прокуратурага юборилган.
Эслатиб ўтамиз, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги “Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган "Сабрия" сериалида ахлоқсиз саҳналар мавжудлиги ва бу жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани ортидан экспертиза тайинланганини эълон қилди. Орадан кўп ўтмай, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам “Сабрия” сериалини танқид қилди ва ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафратни кўрмаганини билдирди.
Ушбу масала кун тартибига чиқиши ортидан телеканал продюсери Амира Рашидова ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдириб, “ахлоқсиз” деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли” эканини маълум қилди.
Шундан сўнг, мазкур масалага Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам изоҳ берди. Унга кўра, “Сабрия” сериали ҳақиқатан ҳам бадиий ва мазмунан саёз.
Орадан кўп ўтмай, “Sevimli” телеканали Бош директори вазифасини бажарувчи А.Хўжаев ва бош муҳаррир Қ.Сайдалиев лавозимидан озод этилди. Канал Кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб жамоатчилик асосида Фирдавс Абдухолиқов сайланди. Шунингдек, шу пайтга қадар ЎзЭОАВМА бош директори лавозимида ишлаб келаётган Ж.Сафоев канал бош директори вазифасига тайинланган.
20 январь оқшомида “Sevimli” телеканали бош продюсери Амира Рашидова яна ижтимоий тармоқлар орқали баёнот билан чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёевадан узр сўради.
Шунингдек, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ахлоқсизликни телевидениеда тарғиб қилишни давлатга хиёнат сифатида баҳолади.
LiveБарчаси