Хониянинг ўлдирилиши ўт очишни тўхтатишга ҳисса қўшмади – Байден
Олам
−
02 Август
5142ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хониянинг ўлдирилиши “ўт очишни тўхтатишга эришиш имкониятига ёрдам бермади”. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден Туркия Миллий разведка ташкилоти томонидан мувофиқлаштирилган маҳбусларни алмашиш амалиёти доирасида мамлакатга қайтган уч америкалик билан учрашиш учун борган Эндрюс ҳаво кучлари базасида журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.
Хонияга қилинган суиқасд Ғазода ўт очишни тўхтатишга эришиш имкониятига қандай таъсир қилгани ҳақида сўралганда, Байден “Йўқ” деб жавоб берди.
Байден Яқин Шарқда кескинлик кучайиб бораётганидан “жуда хавотирда” эканини айтди ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан шу масалада суҳбатлашганини таъкидлади.
“Суҳбат давомида мен аниқ айтдим. Бизда ўт очишни тўхтатиш учун асос бор. Нетаньяху тегишли қадам ташлаши керак. Улар ҳам шу йўлдан боришлари керак”, деди Президент Байден.
Оқ уй матбуот хизмати ҳам Байден ва Нетаньяху ўртасидаги телефон суҳбати бўлганини маълум қилди. Баёнотда Байден Нетаньяхуга Исроил хавфсизлигини кафолатлагани, “Президент Исроилнинг Эрон ва ҲАМАС, “Ҳизбуллоҳ” ва ҳусийлар каби террорчилик тармоғидан келаётган барча таҳдидлардан хавфсизлигини таъминлашга содиқлигини таъкидлади”.
Маълумот учун, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раиси Исмоил Хония Эроннинг янги сайланган Президенти Масъуд Пезешкиённинг инаугурация маросимида иштирок этиш учун Теҳронга борди. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси 31 июль куни эрталаб Эрон пойтахтидаги Исмоил Хония қароргоҳига зарба берилгани ҳақида маълумот тарқатди. Эрон ва ҲАМАС Исроилни қотилликни уюштирганликда айблади. Бироқ Исроил расмийлари воқеага изоҳ беришдан ўзларини тияди.
Исмоил Хония 2017 йил 6 май куни ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари этиб сайланган эди. У бу лавозимда Холид Машал ўрнини эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркия ва Покистонда Хониянинг ўлими муносабати билан мотам эълон қилинганди.
Зумрад Зарипова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь