ИҲТ Исроилни Хониянинг ўлими учун жавобгар деб ҳисоблайди
Олам
−
08 Август
3752Ислом ҳамкорлик ташкилоти Теҳронда ҲАМАС Сиёсий бюроси раиси Исмоил Хониянинг ўлдирилиши учун Исроилни масъул деб ҳисоблайди ва бу Эрон суверенитети ва миллий хавфсизлигига хавфли ҳужум эканини билдирди. Бу ҳақда Жиддада ИҲТ Ижроия қўмитасининг Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги навбатдан ташқари йиғилишида маълум қилинди.
Якуний декларацияда ИҲТ Теҳронда ҲАМАС етакчисининг ўлдирилишини кескин қоралади. Унда айтилишича, қотиллик халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомини очиқдан-очиқ бузган.
“Бу Эрон суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва миллий хавфсизлигига хавфли ҳужумдир. Фаластин ҳудудларидаги босқинчи давлат бўлган Исроил минтақадаги тинчлик ва барқарорликка путур етказмоқда. Бу ҳолат БМТ Хавфсизлик Кенгашининг халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича масъулияти доирасида шошилинч ва самарали аралашувни талаб қилади”, дейилади ҳужжатда.
Декларацияда БМТ Хавфсизлик Кенгаши Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумларини тўхтатиши кераклиги ва Ғазо секторининг барча қисмларига етарли ва барқарор инсонпарварлик ёрдамини етказиш масъулиятини ўз зиммасига олиши кераклиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил Оқ уйга ҲАМАС сиёсий бюроси раиси Исмоил Хониянинг ўлдирилиши учун жавобгар эканини маълум қилганди.
Зумрад Зарипова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь