Эрдўған Хониянинг ўғиллари билан учрашди
Олам
−
11 Август
7908Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 10 август куни Истанбулда Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюросининг марҳум раҳбари Исмоил Хониянинг ўғиллари Абдел Салам ва Ҳаммомни қабул қилди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
Истанбулдаги учрашувда Эрдўған Хониянинг ўғилларига отасининг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Учрашувда Туркия разведка ташкилоти раҳбари Иброҳим Калин ва Президентнинг бош маслаҳатчиси Сефер Туран ҳам иштирок этган.
ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония жорий йилнинг 31 июль куни Теҳронда Эрон Президенти Масъуд Пезешкиённинг инаугурация маросимида иштирок этгандан сўнг ўлдирилди. Унинг қўриқчиси Хония билан бирга жон берди. Хония қароргоҳи ҳаво ҳужумига учради. ҲАМАС бунинг учун Исроилни айблади. Исроил расмийлари фаластинлик сиёсатчининг ўлдирилиши бўйича изоҳ беришдан бош тортди.
Исмоил Хония 2004 йилдан бери ҲАМАС тузилмалари раҳбариятида ишлаган, 2007-2014 йилларда бир партиявий Фаластин ҳукуматини бошқарган, 2017 йилдан эса ҳаракатнинг сиёсий бюроси раҳбари. Хониянинг 13 фарзанди бор эди. 2024 йилнинг 10 апрелида Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида Ғазо секторидаги Шати қочқинлар лагерида уч ўғил ва уч набираси ҳалок бўлди. 2024 йилнинг 1 апрелида Хониянинг синглиси Сабаҳ Исроил ҳукумати томонидан ҲАМАС аъзолари билан алоқадорликда, террорга чақиришда ва террорчилик фаолиятини қўллаб-қувватлашда гумонланиб ҳибсга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Хониянинг Теҳронда ўлдирилганини кескин қоралади. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен CNA порталига Қўшма Штатлар Хониянинг ўлдирилишида иштирок этмаганини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь