“Кеб қолинг, об қолинг”. Жапаров яна 15 та пансионат ижарага берилишини айтди
Олам
−
29 Август 2023
8420Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Иссиқкўлда яна 15 та давлат пансионати 49 йилга ижарага берилишини маълум қилди. Бу ҳақда у Facebook'даги саҳифасида ёзган.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу объектлар узоқ вақтдан бери қаровсиз қолдирилган ёки уларга етарлича эътибор берилмаган.
“Мана шу пансионатларни олиб, сармоя киритмоқчи бўлган маҳаллий бойлар ва хорижий инвесторларни чақираман. Келинг, олинг. Қисқа вақт ичида сармояни қоплайсиз, деб айта олмайман. Лекин ишонаманки, 49 йил ичида ушбу бизнес уч-тўрт марта ўзини оқлайди”, дейди Президент.
Шунингдек, у нега бу биноларни давлат бюджети ҳисобидан таъмирлаб бўлмаслигига тушунтириш берган.
“Худога шукр, пул бор. Биз қандай иш олиб бораётганимизни ўзингиз кўрасиз. Давлат пулларини узоқ муддатда ўзини оқлайдиган бизнесга инвестиция қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Биз ҳамма нарсани ҳисоблаб чиқдик, шунинг учун биз сармоя киритмаймиз”, деб ёзган у.
Садир Жапаровнинг айтишича, таклифга қизиқувчилар Давлат мулкини бошқариш давлат агентлигига мурожаат қилишлари мумкин.
“Асосий шартлар: пансионат олгандан кейин дарҳол сармоя киритишлари керак. Уч юлдуздан юқори меҳмонхоналар ва коттежлар қурилиши керак. Агар пулингиз бўлса, икки йилдан кейин уларни ҳашаматли пансионатга айлантира оласиз. Объектларни оддийгина беш йилдан ўн йилгача сақлаш ва ҳеч нарса қурмаслик мумкин эмас, чунки улар 49 йилга ижарага олинган. Сублизинг тақиқланган”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистоннинг Иссиқкўл соҳилида жойлашган “Дилором”, “Золотые пески”, “Роҳат” ва “Бўстон” пансионатлари 49 йил давомида Ўзбекистон тасарруфига ўтди. Мазкур 4 та пансионат СССР парчаланганидан кейин Ўзбекистон томонининг мулки бўлиб қолган, бироқ 2016 йил апрелида давлатлар ўртасидаги муносабатлар кескинлашгани фонида Темир Сариев бошчилигидаги ҳукумат объектларни миллийлаштирган. Дам олиш масканларининг номлари қирғиз тилига таржима қилиниб, “Роҳат” – “Олтин-Жай ”, “Дилором” – “Энесай”, “Золотые пески” – “Бостери” деб ўзгартирилган. Аммо “Бўстон” пансионатининг номи ўзгаришсиз қолган. Ўзбекистон бу қарорга жавобан халқаро арбитражга даъво аризаси киритган эди.
LiveБарчаси