Калтакланган МИБ ходимлари, Тошкентдаги ҳалокат, Олмазорнинг сўконғич ҳокими ва бошқа хабарлар

Жамият

image

28 август санаси ҳам ниҳоясига етяпти. Қуйида бугуннинг энг муҳим хабарларига қисқача тўхталиб ўтамиз.

ОТМ раҳбар ва педагоглари узлуксиз малака оширади – Президент фармони

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказларининг профессор-ўқитувчиларининг маошига қўшимча устамалар тўлаш белгиланди.

Сенат раисига баъзи ваколатлар топширилди

Ўзбекистон Президенти “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси бюджетини шакллантириш ва ижро этишнинг янги механизмлари жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига  ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

ЙТҲ жабрланувчиларини қутқарган ўзбекистонлик мукофотланди

Жорий йилнинг 25 август куни Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консули Фариддин Насриев йўл-транспорт ҳодисасида жароҳатланганларга ёрдам беришда мардонавор ҳаракати учун Ўзбекистон фуқароси Данил Йўлдошевга ташаккурнома топширди.

Қашқадарёда ака-укалар МИБ ходимини калтаклади (видео)

Қашқадарё вилояти Косон туманида ака-ука уйига келган Мажбурий ижро бюроси ходимини калтаклади. Бош прокуратура мазкур ҳолат бўйича жиноят иши очилганини маълум қилди.

Сирдарёда мактаб ўқувчиси пичоқланди

Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани Пахтакор МФЙда яшовчи 27 ёшли Б.Э. Пахтакор МФЙ ҳудудида ўзаро жанжал оқибатида Зарафшон кўчасида яшовчи 25-сонли ўрта мактабнинг 11-синф ўқувчиси, 17 ёшли Н.А.ни пичоқ билан жароҳатлаган.

Сергели ҳудуди Зангиота ҳисобига кенгаяди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ва Тошкент шаҳрининг Сергели тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда Тошкент вилояти Зангиота тумани маъмурий ҳудудининг умумий майдонидан 428 гектарлик қисми белгиланган тартибда Тошкент шаҳрининг Сергели тумани таркибига ўтказилгани қайд этилган.

Тошкентда металл конструкция қулади. Қурбонлар бор

Бугун, 28 август куни Тошкент шаҳрида савдо мажмуаси қурилиш майдонида металл конструкция қулаши натижасида 4 ишчи ҳалок бўлди 2 нафари шифохонага ётқизилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентдаги бахтсиз ҳодисада жабрланганларнинг аҳволи маълум маълумот берди.

Жароҳатланганлар зудлик билан текширувлардан ўтказилган. Жумладан, 45 ёшли О.Ш. ўнг тавон суягининг синиши ташхиси билан ўрта оғир аҳволда,  З.Р.  эса аралаш травма, чап елка суягининг синиши ташхиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган. 

Насос станциясида девор қулаб, одамларни босиб қолди

Бугун, 28 август куни Россиянинг Новосибирск шаҳрида насос станцияси биноси ҳудудида олиб борилаётган реконструкция ишлари вақтида девор қулади. Сўнгги маълумотларга кўра, бахтсиз ҳодиса натижасида уч киши ҳалок бўлди. Бинонинг эгаси ҳисобланган “Сибирской генерирующей компании” энергетика холдинги вайроналар остида беш киши қолаётганини маълум қилди.

Олмазорнинг ҳокими Президентнинг душмани...ми? Раҳмоновнинг шармандали аудиоёзуви тарқалди

Куни кеча Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобовнинг оммавий ахборот воситаси ходимларига кўрсатган қўпол муносабати, уларга тажовуз қилиши ижтимоий тармоқларни “портлатган” эди. 

Қўполлик, маърифатсизлик, одамлар билан молдек муносабатда бўлиш, уларни ҳақорат қилиш Олмазор туманидаги айрим раҳбарларнинг ташриф қоғозига айлангандек. QALAMPIR.UZ`га Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонов ўтказган йиғилишдан аудиоёзув келиб тушди.

Аудиоёзувда ҳоким Бахтиёр Раҳмонов йиғилиш иштирокчиларига қайта-қайта сўкиб мурожаат қилаётгани, уларни ҳақоратлаётгани, қаматиш, ишдан бўшатиш билан таҳдид қилаётганини тинглаш мумкин. 

Президент уч кишини “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 28 август куни “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонини бериш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Бундан ташқари, Президент бир гуруҳ ҳарбийлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини мукофотлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг