“Қозоқ маликаси” парламентдан кетишини эълон қилди
Олам
−
25 Февраль 2022
7619Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи, мамлакат Мажлиси (парламент қуйи палатаси) депутат Дариға Назарбоева ваколатини муддатидан олдин тугатишга қарор қилди. Бу ҳақда унинг баёнотида айтилган.
Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган баёнотда у бутунлай ижтимоий, гуманитар, маданий ва хайрия тадбирларига эътибор қаратишни режалаштираётганини айтган.
“Мен “Нур Отан” партиясига овоз берган Қозоғистон халқидан, партиядошларимдан ва мамлакат раҳбариятидан менга билдирилган ишонч учун миннатдорман.
Фожиали январь воқеалари тинч осмонсиз, Қозоғистон халқининг бирлигисиз мамлакатимиз равнақи ва янада ривожланиши бўлмаслигини кўрсатди.
Бўлиб ўтган ҳамма нарса бутун халқимиз учун катта фожиадир”, деган Дариға Назарбоева.
Аввалроқ, “Нур Отан” партияси депутати Айдос Сарим Назарбоевнинг қизи январь воқеаларидан кейин истеъфога чиқиши кераклигини айтган эди.
Маълумот ўрнида, парламент депутати Дариға Назарбоева январь ойида бўлиб ўтган талатўплардан бери палата мажлисларига келмаётганди. Унинг ёрдамчиси айни вақтда Дариға Назарбоева маошсиз таътилда эканини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил йилнинг 2 май куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Сенат Раиси Дариға Назарбоеванинг ваколатини тугатиш тўғрисида фармонни имзолаганди. Шунингдек, унинг хизматлари учун миннатдорлик билдирган.
Дариға Назарбоева 2019 йилда отаси президентликдан истеъфога чиққач, Сенат раиси этиб сайланган эди. Ундан аввалги Сенат раиси Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат Президенти бўлганди.
LiveБарчаси