Қозоғистоннинг собиқ маликаси қўриқчиларсиз кўриниш берди

Олам

image

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоева 8 сентябрь куни қайта таъмирланган Олма-отадаги “Целинный” замонавий маданият марказида ўтказилган ёпиқ тадбирда иштирок этди. 

Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, 3 кун давомида маданий марказга 12 мингга яқин Олма-ота аҳолиси ва меҳмонлари ташриф буюришга муваффақ бўлган, бироқ айнан Назарбоеванинг ушбу тадбирда кўриниш бериши катта қизиқиш уйғотган. 

Гувоҳларнинг билдиришича, Дариға Назарбоева қўриқланмаган ҳолда ёлғиз ўзи келган. У бир стакан шампан виноси ва гулдастани ушлаб, кечанинг бошқа иштирокчилари билан фаол мулоқот қилган. 

Эслатиб ўтамиз, “Целинный” маркази асосчиси тадбиркор Қайрат Боранбоев бўлиб, у аввалроқ Назарбоевлар оиласининг қудаси бўлган. Унинг қизи Алима Дариға Назарбоеванинг 2020 йилда Лонда фожиали тарзда вафот этган ўғли Ойсултонга турмушга чиққан эди. 

“Forbes Kazakhstan”нинг 2025 йил май ойидаги ҳисоб-китобига кўра, Дариға Назарбоеванинг бойлиги 571 миллион долларни ташкил этади ва бу унга мамлакатнинг 75 та энг бадавлат бизнесменлари рўйхатида 17-ўринни эгаллаш имконини берди.

                          Дариға Назарбоева ким? 

Қозоғистоннинг собиқ раҳбари Нурсултон Назарбоевнинг фарзандлари орасида унинг тўнғич қизи Дариға ўзининг сиёсий фаолияти билан машҳур, у фаолияти давомида 3 марта парламент депутати бўлган. Биринчи марта 2004 йилда “Асар” Республика партияси рўйхатига киритилган.

Дариға Назарбоева ўшанда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари билан шуғулланган, ижтимоий-маданий ривожланиш қўмитасини бошқарган ва парламентдаги партия фракцияси раҳбари бўлган.

2015-2016 йилларда у бош вазир ўринбосари бўлган, шунингдек, ижтимоий блокни ҳам бошқарган. Шундан сўнг Дариға парламентнинг юқори палатасига ишга ўтди ва у ерда халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари билан шуғулланди.

2016 йилнинг сентябрь ойидан бери Дариға Қозоғистон парламенти Сенати аъзоси, 2019 йилнинг мартидан эса Сенат раиси (спикери) лавозимини эгаллаб келган. Назарбоевнинг тўнғич қизи 2020 йилда Қозоғистоннинг янги Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев фармони билан бу лавозимни тарк этган эди.

2022 йилнинг февралида эса Дариға Қозоғистон парламенти мажлиси депутатлигидан кетишга қарор қилди. 2021 йилнинг январь ойидан буён VII чақириқ депутати, Иқтисодий ислоҳотлар ва минтақавий ривожланиш қўмитаси аъзоси бўлган.

Ҳозирда Дариға Назарбоева жамоат фаолияти билан шуғулланади, Нурсултон Назарбоев жамғармасига раҳбарлик қилади, шунингдек, “Қозоғистон аёллар кучлари иттифоқи” аёллар кучлари уюшмаси васийлик кенгаши раиси ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Дариға Назарбоева

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг