Қозоғистонда антитеррор ҳаракатлар қачонгача давом этади? Тўқаев жавоб берди 

Олам

image

Қозоғистонда террорга қарши ҳаракатлар жангарилар тўлиқ йўқ қилинмагунча давом эттирилиши керак. Бу ҳақда мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 7 январь куни ўтказилган йиғилишда гапирди.  

Таъкидланишича, йиғилишда мамлакатдаги тезкор вазият, антитеррор операциясининг бориши, ҳудудлардаги вазият муҳокама қилинган. 

“Антитеррор операцияси бошланди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қизғин ишламоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида асосан конституциявий тузум тикланди. Маҳаллий ҳокимият идоралари вазиятни назорат қилмоқда. Аммо террорчилар қурол ишлатишда ва фуқароларнинг мулкига зарар етказишда давом этмоқда. Шу боис, террорга қарши ҳаракатлар жангарилар тўлиқ йўқ қилинмагунча давом эттирилиши керак”, деган Қосим-Жомарт Тўқаев. 

Йиғилишда таъкидланишича, КХШТ бирлашган тинчликпарвар контингенти бўлинмалари тартибни тиклашга ёрдам бериш учун Қозоғистонга кела бошлаган. Ушбу контингент чекланган вақтга асосан стратегик объектлар хавфсизлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш функцияларини бажариш учун келган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистонда 3 мингдан ортиқ одам қўлга олинган, 26 нафар қуролли жиноятчи ўлдирилган, яна 18 нафар жиноятчи яраланган.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистондаги вазият

Баҳолаганлар

330

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг