Қозоғистон ва Ўзбекистон рақиб эмас, иттифоқчи – Тўқаев
Жамият
−
15 Ноябрь 3862 3 дақиқа
Бугун, 15 ноябрь куни Қозоғистон ва Ўзбекистон Президентлари Кўксарой қароргоҳида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун қўшма брифинг ўтказди. Унда Тўқаев икки давлат ўртасидаги муносабатлар ва ҳамкорлик ҳақида фикр билдирди.
Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ҳамда бутун ўзбек халқига Қозоғистон делегациясига кўрсатилган самимий меҳмоннавозлик учун миннатдорлик билдирган.
“Қозоқлар ва ўзбеклар қадимдан умумий илдизларга эга бўлган биродар халқлар ва дўст қўшнилар. Турмуш тарзимиз, урф-одатларимиз, маданиятимиз, менталитетимиз ва тилларимиз кўп жиҳатдан ўхшаш. Тарихий йўлларимиз ҳам чамбарчас боғланган. Ана шу муқаддас қадриятлар туфайли икки томонлама муносабатлар мисли кўрилмаган суръатларда ривожланмоқда. Мамлакатлар ўртасида олий даражадаги конструктив ва фаол сиёсий мулоқот йўлга қўйилган, савдо-иқтисодий алоқалар йил саин мустаҳкамланмоқда”, дейди Тўқаев.
Унинг билдиришича, мамлакатлар ўртасида саноат соҳасида катта салоҳиятга эга инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга алоҳида аҳамият берилади. Бундан ташқари, икки давлатнинг маданий-гуманитар алоқалари чуқурлашмоқда. Ушбу ташрифнинг бош мақсади биродар халқлар ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш ва натижада қозоқ-ўзбек муносабатларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш.
Тўқаевнинг фикрига кўра, эришилган келишувлар икки халқнинг асл манфаатларига тўла мос келади ва қозоқ-ўзбек дўстлиги, яхши қўшничилиги, стратегик шерикчилиги ҳамда иттифоқчилигининг собитлигини кўрсатади.
“Қозоғистон Президенти сифатида Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият бериш бурчим деб биламан. Шуни таъкидламоқчиманки, турли “экспертлар”нинг уйдирмаларига қарамай, Қозоғистон ва Ўзбекистон асло рақиб ҳам, ҳатто рақобатчи ҳам эмас, балки стратегик ҳамкорлар, ишончли иттифоқчилардир. Иккала халқ бири-бирига чинакам биродар, яқин дўст, бир-бирига ҳурмат билан қарайди”, дейди Тўқаев.
У Шавкат Мирзиёевнинг кучли раҳбарлиги остида Ўзбекистон кўплаб соҳаларда улкан натижаларга эришганини, дунё томонидан муваффақиятли ривожланаётган давлат сифатида эътироф этилганини айтган.
“Кенг кўламли ислоҳотлар натижалари иқтисодиётнинг барқарор ўсишида, аҳолининг фаровонлиги ошишида, шаҳарларнинг жадал ривожланишида ва барча соҳаларнинг сифатли тараққий этишида яққол намоён бўлмоқда. Ўзбекистон халқаро майдондаги таъсирини сезиларли даражада кучайтирди, минтақавий ва халқаро хавфсизлик ҳамкорлигига муҳим ҳисса қўшмоқда. Қозоғистонда биродар ўзбек халқининг ютуқларига чин дилдан қувонадилар”, дейди Тўқаев.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлат ташрифи билан Тошкентга келганди. У янги “Тошкент-Ҳумо” аэропортига қўнган илк хорижий давлат етакчиси бўлди. Аэропортда Тўқаевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари ўша ерда суҳбат ўтказди. Бугун, 15 ноябрь куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ўртасидаги тор доирада музокаралар ўтказди. Шу ерда видеоконференция режимида қўшма лойиҳаларни ишга тушириш маросимида иштирок этди. Шунингдек, Кўксарой қароргоҳида Қосим-Жомарт Тўқаевга Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди. Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тўқаев Қўшма баёнот имзолади.
Live
Барчаси