Қорақалпоғистондаги воқеаларнинг асосий ташкилотчиси Даулетмурат Тажимуратовнинг қамоқдаги аҳволи қандай?

Жамият

image

Жорий йилнинг июль ойида Қорақалпоғистонда юз берган намойишларнинг бош ташкилотчиси сифатида кўрилаётган ва қамоққа олинган Даулетмурат Тажимуратов тергов давомида қийноққа солинмаган ва унинг ҳуқуқлари таъминланган. Бу ҳақда унинг ўзи Қорақалпоғистондаги воқеаларни ўрганувчи мустақил комиссия аъзолари билан учрашувда айтиб ўтди, деб хабар бермоқда Омбудсман.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг сайтида хабар қилинишича, мустақил Комиссия аъзолари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги 11-сон тергов ҳибсхонасига бориб, у ерда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳамда адвокатлар ва яқин қариндошлари билан қисқа муддатли учрашув хоналардаги шароитларни ўрганишган.

Шунингдек, комиссия аъзолари бўлиб ўтган ҳолатлар ва воқеаларда жиноят содир этганлиги учун ҳибсга олинган Даулетмурат Тажимуратов билан ҳам учрашишган. Учрашув давомида Д.Тажимуратов адвокат билан таъминланганини ва адвокатининг у билан учрашишида ҳеч қандай қаршиликлар йўқлигини, оила аъзолари билан ҳам қисқа муддатли учрашув ўтказилганини ҳамда посилка ва йўқловлар олаётганини маълум қилган.

“Тажимуратовнинг сўзларига кўра, унга нисбатан тергов ҳаракатлари давомида ва тергов ҳибсхонасида ҳеч қандай қийноқ, босим ёки тазйиқлар бўлмаган. Овқатларнинг сифати ва ҳибсхонадаги бошқа шароитларга ҳеч қандай эътирози йўқлигини билдирди.

Комиссия аъзолари ташриф давомида гумон қилинувчиларнинг Тергов ҳибсхонасида сақланаётган пайтида ва тергов жараёнларида ҳеч қандай ҳуқуқлари бузилмагани ҳамда руҳий ва жисмоний қийноқ ҳолатларига йўл қўйилмаганига гувоҳ бўлди”, дейилади Омбудсман хабарида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.

4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.

Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди. Иш доирасида Д.М.Тажимуратов ва А.Т.Турданов суд қарори билан қамоққа олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

715

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг