Қорақалпоғистонда “The Economist” журналистининг фаолиятига тўсқинлик қилиндими?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда, айниқса, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари вакиллари ўртасида Нукусда хорижий журналистларга воқеаларни ёритишга тўсқинлик қилинаётгани, жумладан Британияда чоп этиладиган “The Economist” журналининг Нукусда бўлиб турган мухбири Жоанна Лиллис воқеаларни ёрита олмаётгани, ундан техникалари олиб қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалди. 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов бу хабарларни рад этди. Унга кўра, журналистларнинг Нукусдаги воқеаларни ёритиш жараёнида ҳеч қандай муаммо йўқ.

“Мен жойдаги комендатура вакиллари, шунингдек, Жоанна Лиллис хоним билан боғландим. У ҳеч қандай муаммо йўқлигини, фаолият олиб бораётганини билдирди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, депутат Ўзбекистон очиқлик ва ҳуқуқийлик принципларига содиқ мамлакат сифатида шаклланаётганини қўшимча қилди.

Маълумот учун, “The Economist” журнали мухбири Жоанна Лиллис жорий йилнинг 3 июль куни Нукусга етиб келди. Ўша куни у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида шундай хабар қолдирган эди: 

“Нукус тинч, аммо вазият таранг. Мен бугун намойишлар бўлганини кўрганим йўқ. Жуда қаттиқ хавфсизлик чоралари кўрилган. Ҳукумат ва парламент бинолари хавфсизлик кучлари томонидан қуршаб олинган, транспорт воситаларининг ҳаракатланиши чекланган”.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.

4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.

Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди


Мақола муаллифи

Теглар

Нукус Қорақалпоғистондаги намойишлар

Баҳолаганлар

85

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг