Қодиров украин қўмондонларининг боши учун мукофот эълон қилди
Олам
−
03 Март 2022 25502 3 дақиқа
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Украина қўшинлари қўмондонларининг боши учун 500 минг доллардан мукофот берилишини маълум қилди.
“Украина миллатчилари қўмондонларининг бошларига мукофот эълон қилинмоқда: Бандера, “Азов”, Дудаевнинг шайтонлар батальони. Мен буни амалдор сифатида эмас, балки рус ватанпарварлари, молиявий имкониятларга эга бўлган ва ҳар бир қўмондон боши учун 500 минг доллар тўлаш истагини билдирган ўша кўнгиллилар номидан айтяпман”, деб ёзган Қодиров ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Шунингдек, у Украина қўшинлари раҳбарияти ва Хавфсизлик хизматига мурожаат қилиб, улар “вазиятни тушунишлари ва Украина ҳудудидан ёвуз фашист шоқолларининг руҳларини ҳайдаб чиқариш учун Россия бўлинмалари билан ёнма-ён туришлари” кераклигини айтган.
“Аммо сиз негадир кўпроқ Бандерадан қўрқдингиз. Улардан қўрқманг! Россия ҳарбийлари ёнида қўрқмаслик керак. Аксинча, сиз фақат армия ва тинч аҳоли сафида йўқотишларсиз, шаҳарларни вайрон қилмасдан жараённи тезлаштирасиз”, деб ёзган Қодиров.
У, шунингдек, Владимир Зеленскийга мурожаат қилиб, уни “қайта ўйлаб кўришга ва ҳеч қандай бункерлар уни қутқара олмаслигини тушунишга” чақирган.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь