Қирғизистонда мотам эълон қилинди
Олам
−
01 Май 2021
11542Қирғизистонда жорий йилнинг 1-2 май кунлари Тожикистон билан чегарада юз берган қуролли тўқнашувларда вафот этганлар хотирасига мотам деб эълон қилинди. Қирғизистон Президенти Садир Жапаров тегишли фармонни имзолади.
Ҳужжат билан ҳукуматга ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш топширилди.
Қирғизистон бўйлаб ва хориждаги дипломатик ваколатхоналарда байроқлар туширилади. Маданият муассасалари ва телерадиокомпанияларга икки кун давомида кўнгилочар тадбирларни бекор қилиш тавсия қилинди.
Сўнгги маълумотларга кўра, қирғиз-тожик чегарасидаги тўқнашувларда 31 нафар қирғизистонлик вафот этган ва 154 нафари жароҳатланган.
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро
Жорий йилнинг 17 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал юз берди. Бунга Қирғизистон томони Тожикистон билан келишмасдан икки давлат учун умумий бўлган асосий сув тақсимлаш иншооти – “Головная” олдида кўприк қуриш ҳаракатини бошлагани сабаб бўлди.
Шундан сўнг, Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.
Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.
29 апрель кунининг биринчи қисмида бошланган икки ўртадаги отишма томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан куннинг охирида тўхтатилди.
Бироқ, 29 апрель куни тузилган ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ узоққа бормади. Эртаси куни, яъни 30 апрелда яна ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.
Шундан сўнг, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари ўртаси бўлиб ўтган телефон мулоқотида Жапаров ва Раҳмон май ойининг иккинчи ярмида Душанбеда юзма-юз учрашув ўтказишга келишиб олди.
Ўз навбатида, Россия Президенти Владимир Путин Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги инқирозли вазиятни ҳал қилишда воситачилик қилишга тайёр эканини маълум қилган.