Қирғинбарот тинмаяпти. Путин эса Лукашенко билан саёҳатга чиқди

Олам

image

Россиянинг Украинага босқини давом этаётганининг 48-кунида, бугун, 12 апрель куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Беларусь фуқароси Александр Лукашенко вертолётда Амур вилоятидаги “Восточний” космодроми қурилиши билан танишди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Бундан ташқари, Путин ва Лукашенко “Ангара” космик ракета мажмуасининг қўмондонлик пункти қурилиш майдонини ҳамда учириш иншооти қурилиш майдончасини ҳам кўздан кечирган.

Амур вилоятидаги Восточний космодроми қурилиши 2012 йилда бошланган. У фуқаролик мақсадлари учун мўлжалланган биринчи миллий космодром бўлади ва Россиянинг коинотга мустақил равишда парвозини таъминлашга имкон беради. Космодромдан биринчи парвоз 2015 йилнинг 25 декабрига белгиланганди, бироқ қурилиш жадвалдан ортда қолгани ва бошқа сабабларга кўра 2016 йилга кўчирилганди.

Космодромнинг ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича вазифаларни амалга ошириш ҳамон давом этмоқда, жами 258 та хонадонли учта турар-жой биносини фаол қуриш ишлари олиб борилмоқда. Яқин келажакда 465 хонадонга мўлжалланган яна тўртта турар-жой биносини қуриш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу “Союз” ва “Ангара” ракеталарини учиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни амалга оширадиган барча учириш экипажларини уй-жой билан тўлиқ таъминлаш имконини беради.

“Восточний”да кабел тўлдириш минорасининг олтинчи қаватини ўрнатиш ишлари якунланди, мутахассислар 7-қаватнинг катта қисмларини ўрнатмоқда. Россиянинг янги “Амур” космик комплекси 37,5 тоннагача фойдали юкни паст ер орбитасига қўйиш имконини берувчи турли синфдаги “Ангара” экологик тоза ракеталарини ўз ичига олади. Ангара оиласининг ракеталарида агрессив пропеллантлардан фойдаланилмайди, бу эса комплекснинг экологик хавфсизлигини сезиларли даражада яхшилаш имконини беради”, дейилади Россия нашрларида.

Маълумот учун, 12 апрель куни Россияда Космонавтика куни сифатида нишонланади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

38

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг