Ваколати кенгаяётган Миллий гвардия, яқинлашаётган чанг бўрони, танқидга учраган Кушербоев... Бугун нималар бўлди?

Жамият

image
Бугун, 30 ноябрь Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлган муҳим воқеликлар билан якун топмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда яна чанг бўрони кўтарилишининг маълум қилингани, Британиянинг қироличаси кетиб, монарҳиядан Республикага айланиши. Спортга келадиган бўлсак, Мессининг  фаолиятидаги еттинчи “Олтин тўп”ни қўлга киритгани. Бугуннинг муҳим воқеалари билан қисқа сатрларда танишинг.

Жамият 

Миллий гвардияга қўшимча ваколат берилади

Эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида оммавий тадбирларни ўтказишда ҳамда истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бозорларда жамоат тартибини сақлашни ташкил этиш бевосита Миллий гвардия бўлинмалари томонидан амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланди.

Ҳужжатга мувофиқ 2022-2023 йилларда туман ички ишлар органлари таркибидаги конвой бўлинмалари босқичма-босқич вилоят ички ишлар органларининг бевосита бўйсунувига ўтказилиб, ягона бошқарув тизими асосида туманлараро хизмат ўташ тамойилига мувофиқ қайта ташкил этилади.

Қамчиқдаги “балиқ ёмғири”га изоҳ берилди

Бугун, 30 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Қамчиқ довонида “балиқ ёмғири” бўлибди, деган хабарлар тарқалди. “Қамчиқавтойўл” ИЙФУК довондаги ҳолатга муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, мазкур ҳодиса жорий йилнинг 26 ноябрь куни соат 16:30 лар атрофида A-373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг 227 км. қисмида содир бўлган.

Довон йўлида ҳаракатланиб кетаётган хорижий корхонага тегишли 40 N 000071 давлат рақамли енгил автомашина юкхонасига жойлаштирилган елим идишда боқиш учун етиштирилган балиқ чавоқлари олиб кетаётган вақтда ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмасдан олдида кетаётган юк автомашинасига бориб урилган. Оқибатда енгил автомашинага жойлаштирилган елим идиш ёрилиб, ичидаги балиқлар йўлга сочилиб кетган.

Болаларни ҳожатхонага яширган боғча раҳбарига жиноят иши очилди

Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳридаги 32-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида раҳбарлар текширув келгани учун болаларни ҳожатхонага яшириб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти Мактабгача таълим бошқармаси расмий маълумот берди.

Унга кўра, болалар ҳожатхонага яшириб қўйилгани ва бошқа камчиликларни ўрганиш юзасидан Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қарши шаҳар бўлими томонидан жорий йилнинг 29 ноябръ санаси билан 1.18-799-21-сонли хат келган.

Адлия вазирлиги Кушербоев “қора бозор”дан доллар айирбошлаганини қоралади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Янгийўл шаҳрида бир соат давомида валюта айирбошлаш шохобчасини излагани, бироқ уларнинг барчаси ёпиқлиги сабаб 50 АҚШ долларини “қора бозорда” алмаштиришга мажбур бўлгани ҳақида ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзиб қолдирганди. Бу ҳаракати билан у Ўзбекистон Республикаси қонун ва тартибларини бузганлигини ҳамда ўз ҳаракати учун жавобгар бўлишга тайёр эканлигини намойишкорона маълум қилган.

Адлия вазирлиги Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоевнинг бу ҳаракатини қоралади.

Тезкор! Ўзбекистонда яна чанг бўрони кўтарилиши мумкин

Жорий йилнинг 1-2 декабрда Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан жуда илиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар берди.

1-2 декабрь кунлари ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши фонида республика бўйича шамол 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, баъзи жойларда 25-28 м/с гача кучайиши мумкин, айрим вилоят ва туманларда чангли бўрон ҳамда чанг ғуборлари кўтарилиш кузатилиши мумкин.

Олам

Истанбулдаги бўронда неча киши ҳалок бўлгани маълум қилинди 

Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўрон оқибатида жабрланганлар сони 38 нафарга етди. 

Шаҳар расмийлари кучли шамол туфайли вайрон бўлган томлар қолдиқлари остида тўрт киши ҳалок бўлгани ва 19 киши жароҳат олгани ҳақида хабар берган. 

“Табиий офат натижасида 38 киши тан жароҳати олди, яна 4 киши ҳалок бўлди”, дейилади Кожанинг баёнотида. 

Елизавета II раҳбарлигидан воз кечган давлат Республика бўлди

Кариб денгизидаги Барбадос орол-давлати бугун, 30 ноябрь куни расман Республикага айланди. Октябрь ойида сайланган мамлакат Президенти Сандра Мэйсон ҳам ўз лавозимига киришди, Буюк Британия қироличаси Елизавета II энди Кариб денгизи давлатининг раҳбари эмас.  

Таъкидланишича, Британия тахти вориси, Уэльс шаҳзодаси Чарльз маросим меҳмони бўлди. Барбадос пойтахти Брижтаундаги Миллий қаҳрамонлар майдонида қироличанинг штандарти туширилди. 

“Мен Барбадосга содиқ бўлишга қасамёд қиламан, қонунга мувофиқ Барбадосга Президент сифатида ҳалол хизмат қиламан”, деган Мэйсон ўзининг инаугурацион нутқида. 

COVID соясида қолган ОИТС: БМТ дунё учун хавотирли огоҳлантириш билан чиқди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ОИВ/ОИТС бўйича қўшма дастури (UNAIDS) яқин 10 йил ичида ОИТС тахминан 7,7 миллион одамнинг ёстиғини қуритиши ҳақида хавотирли огоҳлантиришни эълон қилди. Агар давлатлар тенгсизлик муаммосини ҳал қилмаса, бу содир бўлади. Бундан ташқари, яқин келажакда COVID-19 дунёдаги вазиятга таъсир қилишда давом этади ва инсоният эса ҳали ҳам келажакдаги пандемияларга тайёр эмаслигини кўрсатмоқда.

UNAIDS Ижрочи директори Винни Бьянима шуни таъкидлашича, бу шошилинч ҳаракатга чақириқ бўлиши керак. ОИТС пандемиясига қарши курашда олдинга силжиш бор, лекин давом этаётган COVID-19 пандемияси ОИВ профилактикаси ва даволаш хизматларини, мактабда таълимни, зўравонликнинг олдини олиш дастурлари ва бошқаларни тўхтатиб қўймоқда.

“Омикрон”. Қозоғистон қатор давлатлар фуқаролари учун “эшик”ларини ёпади

Қозоғистон ҳукумати мамлакатда коронавируснинг “омикрон” штамми пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида бир қатор давлатлардан хорижликларнинг киришини чеклашга қарор қилди. Бу ҳақда ҳукумат йиғилишида Республика Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Марат Шоранов маълум қилди.  

“Омикрон” штаммининг пайдо бўлганлигини ҳисобга олиб, идоралараро комиссия 3 декабрдан чеклов чораларини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди”, деган у.

Спорт

Месси фаолиятидаги еттинчи “Олтин тўп”ни қўлга киритди

ПСЖ ва Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси 2021 йилда “Олтин тўп”ни қўлга киритди. Шу тариқа унинг карьераси давомида қўлга киритган “Олтин тўп”лари еттига етди.

“Олтин тўп” учун овоз бериш натижасига кўра, Лионель Месси 613 балл тўплади. 2-ўринни 580 балл тўплаган “Бавария” форварди Роберт Левандовски эгаллаган. Орадаги фарқ – 33 балл.

Бетакрор истеъдодга берилган адолатли баҳо – “футбол қироли” Мессини табриклади

Аввалроқ, аргентиналик футболси Лионель Месси еттинчи бор “Олтин тўп”ни қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдик.

Афсонавий бразилиялик футболчи Пеле ўзининг Instagram саҳифасида Лионел Мессини навбатдаги бор ушбу мукофотни қўлга киритгани билан табриклади.

“Лионель Мессини навбатдаги “Олтин тўп” билан табриклайман. Албатта, бу унинг бетакрор истеъдодига берилган адолатли баҳодир. Еттинчи марта, катта раҳмат”, дея ёзиб қолдирган Пеле.

“Ювентус” қуйи лигага тушириб юборилиши мумкин

Италия истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ассоциацияси (CODACONS) раҳбари Марко Донзелли сўзларига кўра, “Ювентус” тергов жараёнларида ёлғон маълумотлар бергани учун “Б” серияга тушиб кетиши ва Скудеттодан маҳрум қилиниши мумкин.

“Айблов жуда жиддий ва сўнгги йилларда “Ювентус” чемпионатда кетма-кет ғолиб бўлгани ҳам буни тасдиқлайди. Агар “Кекса синьора” ноқонуний йўллар билан рақиблари устидан ғалаба қозонган бўлса, федерация ва бозор рақобати бошқармаси ишга аралашиб, айбдорларга нисбатан санкциялар қўллаши керак эди”, дейди Донзелли.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

104

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг