Елизавета II раҳбарлигидан воз кечган давлат Республика бўлди

Олам

image

Кариб денгизидаги Барбадос орол-давлати бугун, 30 ноябрь куни расман Республикага айланди. Октябрь ойида сайланган мамлакат Президенти Сандра Мэйсон ҳам ўз лавозимига киришди, Буюк Британия қироличаси Елизавета II энди Кариб денгизи давлатининг раҳбари эмас.  

Таъкидланишича, Британия тахти вориси, Уэльс шаҳзодаси Чарльз маросим меҳмони бўлди. Барбадос пойтахти Брижтаундаги Миллий қаҳрамонлар майдонида қироличанинг штандарти туширилди. 

“Мен Барбадосга содиқ бўлишга қасамёд қиламан, қонунга мувофиқ Барбадосга Президент сифатида ҳалол хизмат қиламан”, деган Мэйсон ўзининг инаугурацион нутқида. 

Шундан сўнг Республика Президентининг штандарти кўтарилган. Давлат раҳбарининг расмий инаугурациясидан сўнг Брижтаун марказида ҳарбий парад бўлиб ўтган ва у барча маҳаллий телеканаллар, шунингдек шаҳарнинг турли ҳудудларида ўрнатилган экранлар орқали намойиш этилган. 

Расмийлар мамлакат фуқароларини Республика мақоми ва Мустақиллик эълон қилинганининг 55 йиллиги тантаналари чоғида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш учун ижтимоий масофани сақлашга чақирган. 

Жорий йилнинг сентябрь ойи охирида Барбадос Ассамблеяси палатаси конституцияга киритилган ўзгартиришларни бир овоздан қўллаб-қувватлади, унга кўра Буюк Британия қироличаси Елизавета II Кариб денгизи мамлакатининг раҳбари бўлмайди.  

Октябрь ойида парламент аъзолари 2018 йилдан бери оролнинг генерал-губернатори лавозимида ишлаб келаётган 72 ёшли Сандра Мэйсонни мамлакат президентлигига сайлади. 

Маълумот ўрнида, Барбадос — Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибидаги мустақил давлат. Орол Республика эълон қилингандан кейин ҳам иттифоқ таркибида қолган. Барбадос Кариб денгизининг шарқий қисмида жойлашган ва 287 000 дан ортиқ аҳолига эга. Мамлакат 1966 йил 30 ноябрда мустақилликка эришган.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия Барбадос

Баҳолаганлар

317

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг