COVID соясида қолган ОИТС: БМТ дунё учун хавотирли огоҳлантириш билан чиқди
Олам
−
30 Ноябрь 2021
11384Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ОИВ/ОИТС бўйича қўшма дастури (UNAIDS) яқин 10 йил ичида ОИТС тахминан 7,7 миллион одамнинг ёстиғини қуритиши ҳақида хавотирли огоҳлантиришни эълон қилди. Агар давлатлар тенгсизлик муаммосини ҳал қилмаса, бу содир бўлади. Бундан ташқари, яқин келажакда COVID-19 дунёдаги вазиятга таъсир қилишда давом этади ва инсоният эса ҳали ҳам келажакдаги пандемияларга тайёр эмаслигини кўрсатмоқда.
UNAIDS Ижрочи директори Винни Бьянима шуни таъкидлашича, бу шошилинч ҳаракатга чақириқ бўлиши керак. ОИТС пандемиясига қарши курашда олдинга силжиш бор, лекин давом этаётган COVID-19 пандемияси ОИВ профилактикаси ва даволаш хизматларини, мактабда таълимни, зўравонликнинг олдини олиш дастурлари ва бошқаларни тўхтатиб қўймоқда.
Одамларнинг ОИТСдан ҳалок бўлиши ҳақидаги огоҳлантириш UNAIDS’нинг “Тенг бўлмаган, тайёрланмаган, ҳимояланмаган: нима учун ОИТСга барҳам бериш, COVID-19 ни тўхтатиш ва келажакдаги пандемияларга тайёргарлик кўриш учун тенгсизликка қарши қатъий ҳаракат қилиш зарур?” номли янги ҳисоботида айтиб ўтилган. Ҳужжат 1 декабрда нишонланадиган Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни арафасида эълон қилинган.
Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича, сўнгги йилларда бир қанча мамлакатлар ОИТСга қарши курашда сезиларли ютуқларга эришган. Бироқ, глобал миқёсда ОИВ инфекциясига чалиниш ҳолатлари тезлик билан кўпаймоқда: 2020 йилда 1,5 миллион одамда ОИВ инфекцияси қайд этилган. Мутахассисларнинг фикрича, инфекциялар асосан тенгсизлик ҳукм сурган жойларда содир бўляпти. Африканинг Саҳрои Кабиридан жанубдаги давлатларда ҳар етти нафар ўсмир қизнинг олти нафарида ОИВ инфекцияси учрайди. Фоҳишалик билан шуғлулланадиган ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қиладиган одамларда ОИВ билан касалланиш хавфи бошқаларга қараганда 25-35 баравар юқори ҳисобланади.
Қайд этилишича, COVID-19 пандемияси кўп жойларда ОИТСга қарши курашга путур етказмоқда. ОИВ тестини ўтказиш етарли даражада камайди. Кўпгина мамлакатларда ОИВ профилактикаси хизматлари қисқартирилди - 2020 йилда кўрсатилган 130 мамлакатнинг 65 фоизида гиёҳванд моддаларни истеъмол қиладиган одамлар учун зарарни камайтириш хизматлари тўхтатилди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш кунига бағишланган мурожаатида “2030-йилгача эпидемияга барҳам бериш ҳали ҳам мумкин. Аммо бу кўпроқ ҳаракат ва кўпроқ бирдамликни талаб қилади. Бизга ОИТСни енгиш ва эртанги пандемияга чидамлиликни ошириш учун биргаликда ҳаракат қилиш керак” дейди.
UNAIDS’нинг янги ҳисоботида ОИТС бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг Олий даражадаги йиғилишида давлатлар томонидан келишилган ҳаракатлар режасини амалга ошириш муҳимлиги эслатилган. Ушбу режа, бошқалар қаторида, дори воситалари, вакциналар ва тиббий технологиялардан тенг фойдаланишни таъминлаш зарурлигини назарда тутади.
UNAIDS ва бутунжаҳон соғлиқни сақлаш экспертлари агарда ҳаракатлар кўчайтирилмаса, миллионлаб одамлар ҳалок бўлиши ва дунё ўнлаб йиллар давом этган пандемия тузоғида қолишини таъкидламоқда.
Бу йил ОИТС билан касалланишнинг биринчи ҳолати қайд этилганига 40 йил тўлди. Бу давр мабойнида даволаниш имкониятларини кенгайтириш борасида улкан ютуқларга эришилди. 2021 йилнинг июнига келиб, 28,2 миллион киши ОИВ инфекциясидан даволаниш имкониятига эга бўлди, бу 2010 йилдаги 7,8 миллиондан кўп.
“ОИТСга қарши кураш натижаларини кузатиш орқали биз қайси чора-тадбирлар энг самарали эканлигини аниқ айта оламиз. Лекин биз ҳаммамиз улардан фойдалана олишимиз керак. Бизда етакчилар жорий йилда қабул қилган самарали стратегиямиз бор ва уни тўлиқ амалга ошириш керак. ОИТСга барҳам бериш учун тенгсизликларни бартараф этиш – бу қатъий сиёсий ислоҳотлар ва ресурсларни талаб қиладиган сиёсий танловдир. Биз йўлнинг айрилиш нуқтасига келдик. Раҳбарлар жиддий ҳаракат қилиш ёки ҳаракат қилгандек кўрсатиш танлови олдида турибди”, дейди Винни Бьянима.
Достон Искандаров
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь