QALAMPIR.UZ асосчиси Қамариддин Шайхов “Олтин қалам” мукофоти билан тақдирланди
Жамият
−
27 Июнь 5569 2 дақиқа
Бугун, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида “Олтин қалам” миллий мукофоти учун ХIХ халқаро танловининг ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда QALAMPIR.UZ асосчиси Қамариддин Шайхов “Долзарб мавзудаги энг яхши танқидий-таҳлилий материаллар учун” номинациясида мукофотни қўлга киритди.
Мукофотни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ўткир Раҳматов топширди.
Маълумот учун, Қамариддин Шайхов журналистик фаолиятини 2004 йилда “Ўзбекистон” радиосида “Келажак тонги” болалар эшиттиришида бошлади.
2009-2010 йилларда Нодавлат электрон оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондида;
2010-2015 йилларда “Даракчи” газетасида мухбир бўлиб фаолият юритди.
2015 йилда Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетини тамомлади. Шу йилнинг ўзида QALAMPIR.UZ лойиҳасига асос солди.
Қамариддин Шайхов журналистик фаолияти давомида ижтимоий-сиёсий, маданий, маърифий соҳалар юзасидан юзлаб мақолалар, юзлаб кўрсатув ва интервьюлар тайёрлади. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зокиржон Алматов, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова, олимлар, сиёсатчилар билан ўтказган суҳбатлари кенг аудиторияда катта қизиқиш уйғотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан QALAMPIR.UZ интернет нашри асосчиси Қамариддин Шайхов 2021 йилда “Шуҳрат” медали ва “Мустақилликнинг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланганди. Шу билан бирга, ўша йилнинг сентябрь ойида унга ТУРКСОЙ Халқаро туркий маданият ташкилоти томонидан таъсис этилган “ТУРКСОЙ халқаро медиа мукофоти” топширилди.
Журналист жамиятда учраб турадиган муаммолар – коррупция, ишсизлик, жиноятчилик, давлат мулкини талон-торож қилиш, шунингдек, халқаро аҳамиятга молик масалаларда ўткир чиқишлар қилади.
Айниқса, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, аёллар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, болалар ва ногиронлар масалалари Қамариддин Шайховнинг журналистик фаолиятида алоҳида ўрин тутади.
QALAMPIR.UZ жамоаси Қамариддин Шайховни ушбу мукофот билан муборакбод этади.
Live
Барчаси