QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов “Шуҳрат” медали билан тақдирланди
Жамият
−
24 Август 2021
10131Бироз аввал, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида” фармонни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Фармон асосида QALAMPIR.UZ интернет нашри асосчиси Қамариддин Шайхов ҳам "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.
"Дўстимиз, блогер Хушнудбек Худойбердиев қўнғироқ қилиб, "мукофот олибсиз, табриклайман", деганда ҳаяжондан тилим айланмай қолди. Ҳали ҳам ҳаяжондаман. Кутмагандим демайман. Кутганман. Ҳар сафар рўйхатдан номимни қидирар эдим. Ва ниҳоят, насиб этди. Бу менга эмас, бутун QALAMPIR.UZ жамоасига берилган мукофот", дейди QALAMPIR.UZ раҳбари.
Маълумот учун, Қамариддин Шайхов журналистик фаолиятини 2004 йилда "Ўзбекистон" радиосида "Келажак тонги" болалар эшиттиришида бошлади.
2009-2010 йилларда Нодавлат электрон оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондида;
2010-2015 йилларда "Даракчи" газетасида мухбир бўлиб фаолият юритди.
2015 йилда Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетини тамомлади. Шу йилнинг ўзида QALAMPIR.UZ лойиҳасига асос солди.
Қамариддин Шайхов журналистик фаолияти давомида ижтимоий-сиёсий, маданий, маърифий соҳалар юзасидан юзлаб мақолалар, ўнлаб кўрсатув ва интервьюлар тайёрлади. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зокиржон Алматов, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, олимлар, сиётсатчилар билан ўтказган суҳбатлари кенг аудиторияда катта қизиқиш уйғотган. Шунингдек, Қамариддин Шайхов 2017 йилда Туркия Республикасида бўлиб, мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Баку мэри Элдор Азизов билан ҳам учрашиб, суҳбатлашган эди.
Журналист жамиятда учраб турадиган муаммолар - коррупция, ишсизлик, жиноятчилик, давлат мулкини талон-тарож қилиш каби масалаларда ўткир чиқишлар қилади.
Айниқса, журналист инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, аёллар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, болалар ва ногиронлар масалалари Қамариддин Шайховнинг журналистик фаолиятида алоҳида ўрин тутади.
QALAMPIR.UZ жамоаси Қамариддин Шайховни ушбу мукофот билан муборакбод этади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь