Июль ойи охирида Запарожье АЭСга ҳужум уюштирилади – Украина разведкаси
Олам
−
19 Июль 2023
4577Россия қўшинлари жорий йилнинг июль ойи охирида Запарожье атом электр станциясига қуролли провокация уюштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Украина Бош разведка бошқармаси хабар берди.
Разведка ҳисоботига кўра, Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари ўртасида Запарожье АЭСга қуролли ҳужум тайёрланаётгани ҳақдаги хабарлар тарқалмоқда.
Қайд этилишича, ҳужум ҳаракати июль ойининг охирларига режалаштирилган ва унда махсус “ҳужум отрядлари” ва “Украинанинг кўнгилли ҳарбий бўлинмалари” иштирок этади.
Украина разведкасининг тахминига кўра, тарқатилаётган бундай хабарлар Россия атом электр станциясида йирик авария содир бўлишига олиб келувчи сохта байроқ остидаги ҳужумни ташкиллаштираётганини англатиши мумкин. Мамлакат разведкаси Россия Украинани айбдор қилиш учун провакация уюштирмоқчи эканини даъво қилмоқда.
Маълумот учун, бир қанча вақтдан буён иккала томон ҳам бир-бирини Запарожье АЭСда теракт тайёрлаётганликда айблаб келмоқда. Хусусан, шу ойнинг бошида Украина Президенти Владимир Зеленский россиялик ҳарбийлар Запорожье атом электр станциясининг бир нечта энергоблоклари томига “портловчи моддаларга ўхшаш буюмлар” ўрнатганини даъво қилганди. “The Time” нашрида эълон қилинган мақолада ҳам Путин Запорожье АЭСни портлатмоқчи экани айтилганди. Ўз навбатида, Россия ҳам АЭС атрофидаги вазиятни кескин дея баҳолаб, Украинани қўпорувчилик ҳаракатини содир этишга тайёрланаётганликда айблади. МАГАТЭ ташкилоти ходимлари эса Запорожье атом электр станциясида портловчи буюмлар ўрнатилгани бўйича ҳеч қандай аломатларни аниқламади.
LiveБарчаси