Италия Украинадаги урушни тугатиш учун 4 босқичли режа тайёрлади

Олам

image

Италия ҳукумати Украинадаги урушни тугатиш режасини тайёрлади. 18 май куни Италия Ташқи ишлар вазири Луижи Ди Маё ҳужжатни БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга топширган ҳамда 19 май куни унинг матни “La Repubblica” нашрида чоп этилган, деб хабар бермоқда “Медуза”.

Режада БМТ, воситачи давлатлар (қайси давлатлар эканлиги ҳозирча аниқланмаган), тинчликпарвар кучлар ва кузатувчилар миссиялари можарони ҳал қилиш учун жалб этилиши назарда тутилган.

Лойиҳада Италия урушни тўрт босқичда тинч йўл билан ҳал қилишни таклиф қилмоқда:

Биринчи босқич – ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни фронт чизиғидан олиб чиқиш.
Иккинчи босқич – Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши (бир қатор қўшимча шартлар ва мажбуриятлар билан), НАТОга қўшилмаслик кафолати.
Учинчи босқич – Украина ва Россия ўртасида Қрим ва Донбасс бўйича икки томонлама келишув. Италия режасида “баҳсли ҳудудлар” тўлиқ автономияга эга бўлиши, лекин уларда Украина суверенитети сақланиб қолиши белгиланган.
Тўртинчи босқич – Европада тинчлик ва хавфсизлик бўйича кўп томонлама шартнома тузиш.

Кремль Италия режасига муносабат билдиришга ҳам улгурди.

“Афсуски, биз бу режанинг тафсилотларини билмаймиз, бу қандайдир тарзда дипломатик каналлар орқали келтирилгани менга номаълум. Биз буни ОАВдан билиб олдик”, дея жавоб берган Россия Федерацияси Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков Италия режасини шарҳлаш сўралганда.

Шу билан бирга, Песков “келишувга ҳисса қўшиши мумкин бўлган ҳар бир киши иштирок этиши мумкинлиги, ҳеч ким бундай самимий саъй-ҳаракатларни рад этмаслигини” қўшимча қилган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

 

Камронбей Кенжаев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

143

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг