Испания Украинага 5 та самолётда снарядлар юборди

Олам

image

Испания Украинага бешта самолётда йирик калибрли артиллерия тизимлари учун ўқ-дорилар юборди. Бу ҳақда Украина Қуролли Кучлари Бош штаби хабар берди.

Қайд этилишича, Испания Қуролли Кучлари Аэрокосмик кучларига қарашли бешта самолётнинг охиргиси 9 сентябрь куни Мадриддаги авиабазадан ҳавога кўтарилган.

Ўқ-дорилар ортилган олдинги тўртта самолёт Ротадаги базадан ҳавога кўтарилган. Ҳаммаси бўлиб, Испания Украинага 75 та паллет йирик калибрли ўқ-дориларни топширган.

Бундан ташқари, Украина Мудофаа вазири Алексей Резниковнинг сўровига жавобан Испания Украинага тиббий буюмлар ва қишки жиҳозлар ортилган 20 та юк машинаси совға қилди.

Август ойида Испания Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими, ўқ-дорилар ва зирҳли транспорт воситаларини юборган эди. Кейин маълум бўлишича, қурол-яроғдан ташқари, “тезкор талабга биноан” қиш учун 30 000 ҳарбий кийим, 15 600 куртка, 15 000 костюм ва бир неча минг дона қўшимча кийим-кечак тайёрланган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг