Илк ўзбек қўмондонининг 1 асрлик марши қайта тикланди (видео)
Жамият
−
28 Декабрь 2024
18222Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Россия давлат архивидан илк ўзбек қўмондони Миркомил Миршароповнинг миллий дивизиясига тегишли жадидлар муаллифлигидаги маршни олиб келди. Бу ҳақда кеча, 27 декабрь куни Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маданият марказида бўлиб ўтган пресс-турда ахборот берилди.
Мудофаа вазирининг ватанпарварлик тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Олимжон Ўсаровнинг айтишича, жадидлар Ўзбекистоннинг мустақиллиги йўлида энг биринчи бўлиб мамлакат қуролли кучларини Иттифоқ таркибидан алоҳидалашни истаган ва ўзбек аскарлари билан ватанпарвар марш куйлаган.
“Биринчи ўзбек қўмондони Миркомил Миршаропов дивизиясига атаб 1922 йилда махсус марш яратилган. Бугун бу марш яратилганига 102 йил бўлди. Ўша пайтда бу марш болалар ва ўсмирлар ўртасида мадҳия сифатида ҳам ижро эттирилган”, деди Ўсаров.
Аммо бундан хабар топишгач, 1937 йилда ўзбек қўмондони Миршаропов ўзбек дивизиясини миллийлаштириш ва бу дивизия ёрдамида Ўзбекистонни СССРдан ажратиб олишга уринган деган стандарт гумон билан айбланиб, ҳибсга олинади. 1938 йил 4 октябрда эса ўлим жазосига ҳукм қилиниб, қатл этилади. Шундан сўнг бу маршни куйлаш тақиқланиб, буткул унуттирилган.
Орадан 86 йил ўтиб қайта тикланган ўзбек армияси марши тўлиқ эмас. Бунга сабаб Россия давлат архивининг марш матнини мукаммал шаклда бермаганидир.
“Россия давлат архиви мазкур маршнинг тўлиғини эмас, фақат бир парчаси матнини бергани учун Мудофаа вазирлиги қисқа бўлса-да маршни тиклашга муваффақ бўлди”, деди маслаҳатчи.
Мазкур маршнинг таҳминий матни қуйидагича:
Қиличи зўр давралар кўрган
Дўстларимиз қудрати учун
Жанг йиллари ўнгиб кетган
Байроғимиз шуҳрати учун
Қўмондонлар
Ватан учун бўлсам ҳалок
Қўмондонларимга таъзим берингиз
Қабрим узра ўйингиз мудом
Таниқли бўлсин кўмган ерингиз
Маълумот учун, Миркомил Миршаропов 1900 йилда туғилган. Илк ўзбек ҳарбий саркардаси, ўзбек миллий қўшин ташкилотчиларидан бири. Янги усулдаги мактабда, сўнг рус-тузем мактабида (1914) ўқиган. 1917-1918 йилларда Тошкентга келиб, Эски шаҳар ўзбек жанговар қисмида жангчи бўлган. Осипов исёнини бостиришда фаол иштирок этган (1919). Тошкентда саккиз ойлик қўмондонлар тайёрлаш курсида ўқиган ва Актюбинск фронтида хизмат қилган (1919). Туркистон қамалини ёриб ўтиш иштирокчиси. Туркистон алоҳида мусулмон эскадронини шакллантириш бошлиғи (1920), Хоразм Халқ республикаси ҳарбий комиссари (1920) ва ҳарбий нозири ва Хоразм Ҳарбий инқилобий кенгаши раиси (1920 йил, апрелдан), шунингдек, Хоразм отлиқ полки қўмондони Миркомил Миршаропов Хоразмда миллий қўшин тузишга ҳаракат қилган. У миллий бойликларни ташиб кетилишига қаршилик кўрсатган. Туркман қаршилик кўрсатиш ҳаракати бошлиғи Жунаидхон билан “Бирлик шартномаси”ни имзолаган (1921). Шундан сўнг аксилинқилобий ҳаракатда айбланиб, ишдан четлаштирилган.
Аммо кўп ўтмай, у Бухоро республикаси Ҳарбий нозири (1924 йил охиригача) сифатида хизмат қилган. Миршаропов Москвада ҳарбий академияда таҳсил олган (1925-1929), Самарқанддаги Алоҳида ўзбек отлиқ аскарлар полкининг қўмондони ва комиссари (1929-1932), 19-тоғли отлиқ ўзбек дивизияси қўмондони ва комиссари (1932-1935), Мўғулистонда ҳарбий атташе (1935), Шимолий Кавказ тоғ халқлари ҳарбий округи Алоҳида отлиқ бригадаси қўмондони ва комиссари (1936-1937), Ўзбекистон МИҚ ва Ўзбекистон Компартияси аъзоси бўлган. У Комбриг (Генерал) ҳарбий унвонига эга бўлган.
1937 йилда Миркомил Миршаропов НКВД томонидан қамоққа олинган ва 1938 йилда Майкоп шаҳрида шафқатсизларча қатл қилинган.
LiveБарчаси
06 Январь