ИИБда қийноққа солинган фуқаро вафот этди. 3 нафар ИИ ходими қамоққа олинди
Жамият
−
13 Июнь 2020
46613Андижонда фуқаро Ички ишлар ходимлари томонидан қийнаб, руҳий азоб берилиши натижасида шифохонада вафот этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ`га Бош прокуратура Матбуот хизмати маълум қилди.
Билдирилишича, жорий йилнинг 30 май куни Андижон шаҳар Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.Абдукаримов тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам Андижон филиалига келиб тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, шу куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Аниқланишича, ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари иш юритувидаги ариза юзасидан фуқаро А.Абдукаримовни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб турганликлари оқибатида унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлган.
А.Абдукаримов соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБдан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилган.
Жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида 1 июнь куни 3 нафар ички ишлар ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206, 234 ва 235-моддалари билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жабрланувчи А.Абдукаримовга шифокорлар томонидан барча тиббий ёрдамлар кўрсатилган бўлишига қарамасдан у 11 июнь куни вафот этган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов органларидаги қийноқ масаласида сайтимизда ҳам жиддий журналистик суриштирув натижалари эълон қилинганди. “Махсус фильм: Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)” номли мақолада “Бекобод металлургия иши” жиноий иши бўйича бўйича 30 дан ортиқ фуқаролар жиноят кодексининг талон-торож қилиш ва бошқа моддалари билан айблангани ва улар Бош прокуратура биносида аёвсиз таҳқирлангани ҳамда қийноққа солингани ҳақида сўз юритилган.
LiveБарчаси