Махсус фильм: Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)
Таҳлил
−
21 Февраль 2020
1321262019 йилнинг декабрида QALAMPIR.UZ таҳририятига Умид Эшонқулов, Абдумалик Абдуллаев ва бошқа адвокатлар уларнинг ҳимоясидаги шахсларга Бош прокуратура ходимлари терговда қийноқлар ўтказгани ва буни жамоатчиликка етказиш лозимлиги ҳақида мурожаат қилганди. Суд мажлисларида қатнашаётган мухбиримиз айнан мазкур “Бекобод металлургия иши” бўйича кўрилаётган муҳим бир суд мажлисига ҳам киритилмаганди. 2 ойдан ортиқ вақт давомида ўтказилган журналистлик суриштирувларимиз натижасини сизларга тақдим этишни жоиз деб билдик.
Маълум бўлишича, 2017 йилнинг кузида “Бекобод металлургия иши” бўйича 30 дан ортиқ фуқаролар жиноят кодексининг талон-торож қилиш ва бошқа моддалари билан айбланган. Уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Барча воқеа шундан бошланган. Уларнинг айтишича, терговдаги шахсларнинг ҳуқуқлари терговчилар томонидан поймол этилган. Тергов вақтида Бош прокуратура ходимлари уларни аёвсиз калтаклаган, бошларига “целлофан” пакет кийдирган, совуқ хоналарда ечинтирган, турли даражадаги жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказган. Терговчиларга ёши катта ва аёл киши деган тушунчалар бегона бўлган. QALAMPIR.UZ терговда жабрланганлар ва уларнинг адвокатлари билан суҳбатлашди.
Аслида фуқаролар қандай фаолият билан шуғулланган эди?
Абдусаттор Шукуров, Санобар Ёқубова ва бошқа фуқаролар Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида жойлашган “ЎЗМЕТКОМБИНАТ” (Ўзбекистон металлургия комбинати) акциядорлик жамияти билан хусусий фирмалар орқали шартнома имзолашган. Улар турли жойлардан (эски бинолар, ахлатхоналар ва бошқа ерлардан) ёлланма ишчилар билан металл буюмлар йиққан. Йиғилган металл буюмларни комбинатга топширилган. Комбинат ишчилари уни эритиб, тайёр маҳсулот кўринишига келтирган. Қилинган хизмат учун фирмалар шартномада кўрсатилган маблағни тўлаган. Тайёр маҳсулот аҳолига бозорга нисбатан арзон нархларда сотилган.
Жабрланувчи – тадбиркор Санобар Ёқубованинг айтишича, 2008-2017 йиллар давомида иш юритган фуқароларнинг фирмаларини ҳеч ким безовта қилмаган. Масъуллар томонидан вақти-вақти билан қонуний текширувлар ўтказиб борилган. Фаолиятларини қонун доирасида, солиқларни ўз вақтида тўлаган ҳолда олиб боришган. Бироқ, 2017 йилнинг бошларидан тушунарсиз воқеалар содир бўлиши бошланган.
“2017 йилдан “ЎЗМЕТКОМБИНАТ”да раҳбарият ўзгарди. Бош прокуратуранинг тегишли бошқармаси томонидан комбинат билан ишлаган фирма раҳбарлари, бухгалтерлар ва бошқалар чақирила бошлаган. Биз ҳам бу ҳақда бошқалардан эшитиб турдик. Ўша йилнинг октябрь ойида “ноқонуний ишлагансизлар” деб фирма раҳбарларини қамаб қўйишди.
Лекин қизиқ тарафи, 10 йилга яқин шу фаолият билан шуғулланган бўлсак, бизга бирор марта солиқ, молия, прокуратура ва бошқа ташкилотлар томонидан бундай айблов қўйилмаганди . Солиқларни ўз вақтида тўлаганмиз. Керак бўлса, ўша вақти ҳокимлик зиммасига юкланган темир “план”ини ёпардик. Боғча, мактаблар темирни қаердан олсин? Биз уларга ҳам ёрдам берардик. Ахлатда йўқ бўлиб кетаётган темирни йиғиб, комбинатга топшириб, уни тайёр маҳсулотга келтириб, аҳолига арзон нархда сотганимиз – айбимизми? Нима айб иш қилдик? Давлатнинг пулини едикми? Ватанимизга хиёнат қилдикми? Айбимизни ҳеч ким қонунан тушунтира олмаяпти”, дея Ёқубова бўлаётган вазиятга ўз норозилигини ифода қилди.
Терговчилар фуқаронинг бошига “целлофан” пакет кийдириб, уни аёвсиз калтаклаган...ми?
Терговда энг кўп қийноққа солинган Абдусаттор Шукуров бошидан ўтказганлари ҳақида айтиб берди. Маълум бўлишича, 2017 йилнинг июнь ойида терговчилар уни прокуратура идорасига чақиришни бошлаган. Борган заҳоти Бош прокуратурада терговчилар – Улуғбек Умаров, Санжар Файзиев ва Маъсуд Ўроловлар кутиб олган. Тергов хонасига киргач, терговчилар унинг фирма директори эканига шубҳа билдириб, устидан мазаҳ қилган. Ўша куни қисқа саволлар бериб уни қўйиб юборишган. Кейинги терговда бутун қариндошлари ҳақида (ким экани, қаерда яшаши ва бошқа) маълумотларни ёзиб олишган. Фирмада мавжуд барча ҳужжатлар уларга тақдим этилган.
Кейинроқ, Шукуровни яна чақириб, унинг зиммасига 30 миллиард сўм зарарни юкламоқчи бўлишган. Шу кундан унга нисбатан жисмоний ва руҳий азоблар берилиши бошланган. Терговчилар унга 30 миллиард (гўёки) зарарни топиш учун бир ҳафта муддат бериб, тўламаса, узоқ муддатга қамалиб кетиши мукинлигини айтиб қўрқитишган. Шукуровнинг адвокати унинг айби исботланмагунча бу пулни тўламаслиги, аввал айби қонуний тартибда исботланишини кераклигини айтган. Терговчилар унга ҳам бақира кетган. Ундан бу ишга аралашмаслигини сўрашган.
“Шаҳар чеккасида яшайман. Телефонимнинг антеннаси баъзан чиқмай қолади. Терговчилар орада менга боғлана олмай қолишган. Бунга жаҳл қилиб Бош прокуратурадагилар жиянимни уйидан олиб кетишган. Кейин уни қўйиб юборишган. Орадан озгина вақт ўтиб, ўғлимни ҳам олиб кетиб ҳибсга олишди. Бироздан кейин уни ҳам қўйиб юборишди. На бир расмий чақирув қоғози бор... 2017 йилнинг 20 октябрь куни мен шу ерда эканимни айтиб, Бош прокуратурага ўзим бордим. Боришим билан мени қамоққа олишди”, дея Шукуров қамоққа олинган вақтини эслади.
Қамоққа олинганидан сўнг, ташкилот ходимлари уларга ўта оғир жиноятни содир қилган инсондек муомала қилган. Тергов хонасига кириши билан “урод”, “ўғри”, “аферист” каби ҳақоратли сўзлар билан ундан 30 миллиард сўм қаерда эканини сўрашган. Кейин бир ҳафта мобайнида “Гвардейский”га (Юнусобод туманида жойлашган тергов ҳибсхонаси) қамашган. Уларни қаерда экани ҳақида на қариндошларига, на адвокатларига хабар беришган. Бир ҳафта оч қолишган. Кейин “Тоштурма”га (Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 1-сон ҳибсхонаси) олиб кетишган.
“Ҳаётимдаги энг ёмон кун 2017 йилнинг 4 ноябрь санасида бўлди. Ҳаво жуда совуқ эди. Ўпкам ҳам касалланганди. Бир ўзимни Бош прокуратурага олиб бориб, бинонинг учинчи қаватига олиб чиқишди. Тергов хонасига кирсам, терговчилар Умаров Улуғбек, Файзиев Санжар ва Маъсуд Ўроловлар ўтирган экан. Бошдан оёқ ечинтиришди. Терговчилар совуқ ҳаво кириши учун хона деразаларини очишди. Қалтирашни бошладим. Кейин исинсин деб “тур-ўтир” деб жисмоний машқлар қилдирди”, дейди Шукуров.
Бундан ташқари, ёши катта бўлишига қарамай унга 20 килограмдан ортиқ юкни кўтаришга мажбурлашган. Юкни кўтара олмаётганини кўриб, терговчилар Умаров ва Файзиев уни икки тарафдан дуч келган жойига уришни бошлаган. Орада Умаров оёқ кийимининг учини унинг иягига тираб, бошини кўтаришини талаб қилган. У Ўроловнинг саволларига жавоб бераётган вақтида Файзиев қўлидаги катта ҳажмдаги қалин китоб билан унинг юзи аралаш қулоқ тарафига урган. Зарба кучлилигидан Шукуров бориб жовонларга урилган. Нариги тарафдан Умаров уриб уни мажбурлаб оёққа турғизган. Шукуровга бир нечта шахсларнинг расмларини кўрсатишган. Танимаслигини айтиши билан яна дўппослашган. Шундан сўнг, кутилмаганда, Файзиев Шукуровни қўлидаги оқ “целлофан” пакет билан бўғишни бошлаган.
“Бошида ҳаво етгунча ушлаб турдим. Кейин иложи бўлмади. Бор кучим билан Файзиевни итариб, “целлофан”ни йиртиб ташладим. Шу пайт уларнинг жаҳли чиқиб мени ҳар тарафдан уриб ташлади. Ерда қанча ётганимни билмайман. Бир пайт қулоғимга “бўлди, ўлиб қолади, ўлиб қолса, ўлиги тиригидан қиммат” деган овозлар келди. Ўзимга келишим учун “нашатырь” спиртини ҳидлатишди, совуқ қотаётганимга қарамай яланғоч ҳолимга устимдан сув сепишди”, деб Шукуров бўлиб ўтган аянчли воқеаларни эсга олди.
Ўшанда хушига келгач, ҳеч нарса бўлмагандек яна терговни давом эттиришган. Расмдаги шахсларни таниш-танимаслиги ҳақида сўрашган ва бир қанча маълумотлар ёзилган ҳужжатга қўл қўйдирмоқчи бўлишган. У унамаган. Шунда терговчилардан бири ташқарида турган ички ишлар ходимининг “дубинка”сини олиб, уни киритмай, аввалроқ жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган Шукуровнинг кўкрак қисмига қаттиқ зарб билан урган. Урган ўрни қонталаш бўлиб қолган. У яна йиқилган. Оғриқдан инграган. Терговчи Файзиев унинг қўлларини “наручник” билан боғлаб, бошига иккинчи марта “целлофан” пакет кийдирган. Хушидан кетгач, уни амаллаб яна ўзига келтиришган ва шу билан ўша кундаги “миссия”лари – терговни якунлашган.
“Тоштурма”га қайтиш вақтида аввал қамалган шахслар унга Бош прокуратурада калтаклангани ҳақида индамаслиги кераклиги, тиббий хулоса барибир уларнинг ўзларига қайтарилиши ва урганининг иси чиқмаслиги учун уни турли усуллар билан ўлдириб юборишдан ҳам қайтмаслигини тушунтирган. Қамоққа олинганидан сўнг етти ой мобайнида то уй қамоғи тўғрисида суд ажрими чиққунча, масъуллар Шукуровнинг адвокатларини ичкарига киритмаган. Шу билан бирга, қамоқда сақланаётган вақтида ҳам турли даражада руҳий босимлар ўтказилган.
Бошқа фуқаролар тергов ҳақида нима дейди?
Улар ҳам терговда турли даражадаги руҳий ва жисмоний тазйиқлар бўлганини айтди. Терговчилар инсонийликни унутган. Нима қилиб бўлса ҳам айблов қоғозларига имзо қўйдиришга ҳаракат қилган.
2017 йили жабрланувчилардан бири Равшан Асомовни кўчада машина туртиб кетган эди. У жароҳати оғир бўлгани боис, жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. Равшан акага маълум вақт юриш мумкин бўлмаган. Бироқ уни ҳам Бош прокуратурага олиб боришган, унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чорасини қўллашган. Беш кун давомида жароҳатига тиббий ёрдам кўрсатилмаган. Зуҳриддин Зокиров ҳам тергов вақтида 45 кун адвокатлари билан боғлана олмагани, руҳий ва жисмоний тазйиқлар бўлганини айтади.
Терговчилар терговда Баҳодир Ҳалиловнинг тўпиғига тепган. Ундан адвокатдан воз кечишини талаб қилишган. (!) Унамагач, терговчилар уни фарзанди Жавлон Ҳалиловга зарар етказиш ваҳимаси билан қўрқитишган. Кейин у адвокатдан воз кечишга мажбур бўлган. Воз кечиш учун адвокат Умид Эшонқулов билан учрашаётган вақтида терговчилар сирлари фош бўлмаслиги учун унинг чўнтагига диктофон солишган. Учрашув жойида камера назорати мавжудлигини айтиб, бу ҳақда адвокатга айтмаслигини уқтиришган. Лекин у имо-ишоралар орқали адвокатига вазиятни тушунтиришга эришган.
Буни адвокат Умид Эшонқулов ҳам тасдиқлади. Баҳодир Ҳалиловнинг фарзанди Жавлон Ҳалилов юқоридаги маълумотларни ҳақиқат эканини таъкидлади. 5 ой давомида эрталаб соат 9дан тунги соат 1-2гача тергов бўлгани, терговда бош ва кўкрак қисмларига тан жароҳатлари етказилгани, адвокатдан мажбурлаб воз кечтиришгани ва сохта айбловларга қўл қўйдиришга уринилганини тушунтирди. Воқеаларда жабрланганлардан бири Алишер Узоқов ҳам шундай фикрлар билдирди.
“Умаров, Файзиев ва бошқа терговчилар давлат берган “формани” булғади. Юридик билимлари ҳам жуда паст. Терговда бераётган саволларига кулгингиз келади. Мен ҳам 40-45 кун адвокатсиз ўтирдим. Соппа-соғ инсонларни икки қўлтиғидан судраб олиб чиқишаётганини ўз кўзимиз билан кўриб турдик”, дея эндиликда давлатдан адолат кутиши, айбдорлар жазоланиши кераклигини сўради. Зуҳриддин Зокировнинг турмуш ўртоғи Мавжуда Зокирова тергов вақтида Ўролов унга қўлидаги кулдонни улоқтиргани, ҳақоратлаганини айтди.
“Қамалганимиздан сўнг турмуш ўртоғим мени узоқдан кўриши билан мендан рози-ризолик сўради. Терговчи Ўролов адвокатим йўқ вақтида тўққизта эркакнинг ичида тергов қилди. Биз жиноятчи эмаслигимизни тушунтираётган вақтимда менга қарата қўлидаги кулдонни отди. Қандай эгилиб жонимни сақлаб қолганимни билмайман. Ўшанда шу ерда ўлиб кетсам ҳам ҳеч кимнинг иши бўлмас эканда деб ўйлаб қолгандим. Инсон ҳаёти бир тийинга қиммат экан деб хулоса қилгандим”, дейди Мавжуда Зокирова. Юқоридагидек жисмоний ва руҳий босимлар бўлганини Дилфуза Холиқова ҳам таъкидлади. Абдусаттор Шукуров тергов хонасидан бир аҳволда олиб чиқиб кетишаётганини ўз кўзи билан кўрганини айтди.
Адвокат: “Терговчилар 1-Тергов ҳибсхонасига “махфий” грифти остида хат юборган”
Адвокат Умид Эшонқулов фаолияти давомида бу даражада ғайриинсоний тергов ҳаракатларига гувоҳ бўлмаганини айтди. Тергов органи томонидан фуқароларнинг ҳимояга эга бўлиш ҳуқуқи чекланган. “Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси” бошлиғи ўринбосари Маъсуд Ўролов томонидан 1-Тергов ҳибсхонасига “айбланувчиларнинг адвокатлари қидирувдаги шахслар томонидан ёлланган бўлиши мумкинлиги сабабли, тергов сирлари уларга етиб боришининг олдини олиш мақсадида, айбланувчиларга адвокатлари билан учрашиши таъқиқлансин” мазмунида “махфий” грифт остида хат жўнатилган.
Шунингдек, айбланувчиларга қўйилган “қамоқ” эҳтиёт чорасини 7 ойга чўзиш ҳақидаги қарор айбланувчилар ва уларнинг ҳимоячиларига белгиланган муддатда таништирилмаган. Энг қизиқ жойи, адвокатлар жиноят иши материаллари билан иш суд терговига келгач, суд жараёни билан параллел вақтда танишишни бошлаган. Унгача адвокатларга ҳар хил баҳоналар билан рухсат берилмаган.
Адвокат Абдумалик Абдуллаев айбловнинг мазмуни нимадан иборат эканини тушунтириб берди. Хўжалик юритувчи субъектлар – тадбиркорлар “ЎЗМЕТКОМБИНАТ” АЖга хизмат кўрсатиши (эритиб тайёр маҳсулот қилиб бериши) учун металл топширган. Қонун бўйича бу даврда мулк ҳуқуқи тадбиркорларнинг ўзида сақланиб қолади. Комбинатга хизмати учун шартномадаги сумма ўтказилган. Ушбу жараёнда тергов органи томонидан Вазирлар Маҳкамасининг иккита қарори талаби бузилган деб кўрсатилмоқда. Айбловни, ўтказилган текширув далолатномасидаги далилларни мустаҳкамлаш учун суд иқтисодий экспертизаси асоссиз ўтказилишига йўл қўйилмоқда.
“Эспертларнинг олдига “ЎЗМЕТКОМБИНАТ” АЖ ва фирмалар ўртасида тузилган хизмат кўрсатиш шартномалари Вазирлар Маҳкамаси қарорлари талабларига асосан тузилганми, деган савол қўйилмоқда. Савол пайдо бўлади: Суд иқтисодий экспертизасини ўтказувчи экспертлар мутахассислиги бўйича иқтисодчи ҳисобланади. Улар қандай асосга кўра ўтказилди? Хўжалик юритувчи субъектларнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисидаги қонун бор. Қонунда аниқ ёзилган. Яъни, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги шартномаларга адвокатлар томонидан ёки корхона, муассаса-ташкилотларнинг юридик хизмати томонидан қонунга мувофиқлиги бўйича хулоса берилади.
Экспертиза тўғрисидаги қонунга мурожаат қиладиган бўлсак, эскпертиза фан, техника, санъат, касб-ҳунарга оид махсус билим талаб этиладиган ҳолдагина ўтказилади. Бундай вазиятда эксперт экспертиза ўтказишдан бош тортиши керак эди. Қўшимча ёки қайта экспертиза ўтказиш мумкин-ку деган фикр туғилиши мумкин. Экспертиза ўтказиш тўғрисидаги қонунга мувофиқ аслида экспертиза ўтказиш лозим бўлмаган ҳолда бу масалани кўтариш мантиққа зид”, дейди Абдуллаев. Адвокатлар Улуғбек Абдушукуров, Улуғбек Акрамовлар ҳам юқоридаги процессуал норма талаблари бузилганини таъкидлаб, улар тақдим этган бир қанча далиллар тергов иши ҳужжатларига киритилмаганини айтди.
Бунақаси фақат ўзбек терговчиларида учрайди
Шу билан бирга, терговда деярли ҳеч қайси давлат амалиётида учрамайдиган қонун бузилиш ҳолати кузатилган. Адвокат Умид Эшонқуловга кўра, терговчилар томонидан тергов вақтида жиноят ишига гувоҳ сифатида чақирилган шахслардан зарарни қоплаш учун пул ундириш амалиёти ҳам қўлланилган. Айбланувчилардан зарар ундирилиши бу амалиётда бор ҳолат.
Аммо гувоҳлардан зарар ундирилиши амалиётда деярли учрамайди. Терговчилар гувоҳларга айбланувчиларнинг аҳволини кўрсатиб, улар ҳам шу ҳолга тушмаслиги учун айтилган маблағни тўлаши лозимлигини тушунтирган. Улар Бош прокуратуранинг депозит ҳисоб варағига пулларни тўлаган. Суд қарори чиқмай туриб, ундирилган пул “ЎЗМЕТКОМБИНАТ” АЖ ҳисобига ўтказиб юборилган. Адвокат бу бўйича унда Бош прокуратуранинг хати ҳам мавжудлигини айтди.
Энди нима бўлади?
Давлат раҳбари ҳамма ўзгариши кераклиги, давлат ташкилотлари аввалги эски амалиётларидан воз кечиб, халққа хизмат қилиш кераклигини бот-бот такрорламоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаган илк Мурожаатномасида мамлакатдаги ҳуқуқ-тартибот органлари, кучишлатар тизимлар, жумладан прокуратура фоалиятини кескин танқид қилиб,
“Бундан буён Ўзбекистонда ҳибсга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноққа солиш, руҳий ҳамда жисмоний босим ўтказиш, бошқа ғайриинсоний зўравонликка мутлақо йўл қўйилмайди. Бундай ҳаракатларни содир этган ходим ёки кимнингдир “буюртмаси”ни бажарган ҳар қандай шахс, ким бўлишидан қатъи назар, муқаррар қонуний жазога тортилади”, деб айтганди.
Уч йилдирки, мамлакат раҳбари прокуратура органларини тинимсиз танқид қилиб келади. “ЎЗМЕТКОМБИНАТ” иши бошланганда Бош прокурор бўлган Абдуллаев бугун жиноятлари учун қонун олдида жавоб бермоқда. “ЎЗМЕТКОМБИНАТ” тергови даврида Бош прокурор бўлган Абдуллаевнинг вориси Отабек Муродов даврида ҳам прокуратурада катта ўзгаришлар бўлгани йўқ. Аксинча, у яна ва яна коррупция ботқоғига ботди.
Ўз-ўзидан бир қанча саволлар туғилади: Бош прокуратура қачон ўзгаради? Қачон прокуратура деса қонунларни ҳимоя қиладиган муассасани тушунамиз? Нега тергов вақтида терговчилар томонидан процессуал норма талабларига амал қилинмаяпти? Биз янги Ўзбекистонни мана шундай мутахассислар билан қурмоқчимизми? Қонун ҳимоячиларининг ўзи қонунга амал қилмаса, бошқалардан нима кутайлик? Эндиликда айбдорлар ўз жазосини оладими? Биргина шу иш бизда тергов билан боғлиқ бир қанча муаммолар (адвокатлар билан учрашишда, тергов жараёни ва бошқаларда) мавжудлигини кўрсатмоқда.
Президент инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида барча вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари, жазони ижро этиш муассасалари видеокузатув воситалари билан жиҳозланади, деб айтганди. Бу борада қачон тўлиқ амалий ҳаракатлар бошланади? Биз терговда очиқлик ва ошкораликни таъминлашди кимдан ё нимадан қўрқяпмиз? Ё ҳамон терговчилар камера қаршисида ўзини бошқара олмаслик, бировнинг ҳуқуқлари ва саломатлигига дахл қилиши хавфи мавжудми?
Терговчилар терговда бу даражада очиқдан-очиқ ва билганларича аёвсиз методлардан мустақил фойдаланмасликлари кундек равшан. Бу ишларнинг ортида кимлар турибди? Президент айтганидек, бу ҳам кимларнингдир “буюртмаси” эмасмикин? Терговчи белгиланган қонун доирасидан четга чиқиши мумкин эмас. Акс ҳолда, қўлга киритилган далиллар номақбул далиллар сирасига киритилади. Иш ҳозирда жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан кўрилмоқда. Суд юқоридаги барча ҳолатларни ҳисобга оладими? Ҳозирча QALAMPIR.UZ воқеалар ривожини кузатади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15