Угом дарёси гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилинади

Жамият

image

Тошкент вилояти ҳудудидан оқиб ўтувчи Угом дарёси ва унга туташ ҳудудлар давлат гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилинади. Бу ҳақда бугун, 30 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган табиатни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимотида сўз боради.

Мамлакатда сўнгги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий этиш ва экологик маданиятни юксалтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, саноат, қурилиш, транспорт ва коммунал соҳалардаги жадал ривожланиш табиатга таъсир этувчи омилларни қатъий назорат қилишни, экологик талабларга риоя этишни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

Тақдимотда экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳолати таҳлил қилинган. Қайд этилишича, 2024 йилда 47 мингдан зиёд маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, 2025 йилда улар сони 59 мингдан ошган. Амалдаги тартибда жарималар миқдори етказилган экологик зарарга мутаносиб эмаслиги сабабли баъзи корхоналар учун ҳуқуқбузарликни бартараф этишдан кўра, жарима тўлаб, фаолиятни давом эттириш қулайроқ бўлиб қолмоқда.

Шу боис, юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қайта кўриб чиқиш, уларни табиатга етказилган зарар миқдорига боғлаш ва халқаро амалиётга яқинлаштириш таклиф этилган. Жумладан, дарё ўзанларидан норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш, сув ресурсларини ифлослантириш, дарахт ва буталарни ғайриқонуний кесиш, атмосфера ҳавосига белгиланган меъёрдан ортиқ ташламалар чиқариш, қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишига йўл қўйиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларда ёқиш каби ҳолатлар учун таъсирчан молиявий чоралар жорий этиш кўзда тутилган.

Бу жараёнда маъмурий жарима ва табиатга етказилган зарар учун компенсация тўловини ягона молиявий санкцияга бирлаштириб, корхона айбини тан олган ҳолатларда уни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан қўллаш, низоли ҳолатларда эса масалани суд тартибида кўриб чиқиш ва ҳал этиш тартибини жорий қилиш таклиф қилинган.  

Тақдимотда Угом дарёсининг табиий мувозанатини тиклаш ва унинг ноёб табиий меросини сақлаш бўйича таклифлар кўриб чиқилган.

Угом дарёси ва унинг ҳавзаси Угом-Чотқол миллий табиат боғи таркибидаги муҳим экологик ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу ерда ўнлаб ноёб ўсимлик ва ҳайвонот турлари, шу жумладан, Қизил китобга киритилган турлар мавжуд. Дарё Чирчиқ ҳавзасининг сув таъминотида ҳам муҳим ўрин тутади.

Таҳлилларга кўра, кейинги йилларда Угом дарёсида сув сарфи камайиб, сув сифатига таъсир этувчи омиллар кўпайган. Бу ҳолат қирғоқларнинг емирилиши, фауна ва ўсимлик дунёсига салбий таъсир кўрсатиши, биохилма-хиллик қисқариши хавфини оширмоқда.

Шу боис, Угом дарёси ва унга туташ ҳудудларни давлат гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилиш, соҳилбўйи ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида табиий гидрологик тизимга таъсир кўрсатувчи қурилиш ва ер ишларини чеклаш таклиф этилган. Шунингдек, сув муҳофаза зоналаридаги объектларни хатловдан ўтказиш, уларнинг сув сифати ва биофаунага таъсирини баҳолаш вазифалари белгиланди. Экологик талабларга жавоб бермайдиган фаолиятларни тўхтатиш ёки бошқа жойга кўчириш масаласи кўриб чиқилади.

Қолаверса, дарёнинг гидрологик ва экологик ҳолатини барқарор ривожлантириш бўйича “Угом дарёси экотизимини яхшилаш” мастер режасини ишлаб чиқиш, соҳилбўйи ва муҳофаза зоналарида ер деградациясининг олдини олиш учун дарахт ва буталар экиш кўзда тутилган.

Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, табиатни муҳофаза қилиш соҳасида назорат ва жавобгарликни кучайтириш, сув ресурслари ва биохилма-хилликни асраш, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни илмий асосда ривожлантириш бўйича аниқ топшириқлар берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Угом дарёси экологик барқарорлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг