QALAMPIR.UZ мухбири суд мажлисига киритилмади. Президент гапи ерда қолдими?
Таҳлил
−
22 Январь 2020
14898Бугун, 22 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида кўрилаётган очиқ суд мажлисига QALAMPIR.UZ мухбири Зафарбек Солижонов киритилмади.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида Бекободда жойлашган металлургия комбинатига доир жиноят иши кўрилаётганди. Бу суд ишида ОАВ вакили сифатида икки марта кузатувчи сифатида қатнашгандик. Бугун ҳам хизмат гувоҳномаси ва шахсни тасдиқловчи ҳужжат – паспорт билан мазкур судга бордик. Суд бошланишидан бир неча дақиқа аввал бориб иш бошланишини кутиб турдик. Суд жараёни бошланиш вақти келиши билан уяли алоқа телефонини тегишли ички ишлар формасидаги Миллий гвардия ходимларига топшириб, очиқ суд мажлисига кирмоқчи бўлдик.
Бироқ суд залига кираверишда суд ёрдамчилари журналист ишда иштирок этиши учун судга раислик қилувчининг рухсати кераклигини айтди. Биз “Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасида журналистнинг ҳуқуқлари келтирилгани, унга кўра, журналист ҳар қандай очиқ суд мажлисида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга экани ва бунда раислик қилувчининг рухсати сўралмаслигини айтдик.
Шунингдек, агар журналист суд жараёнида диктофон, видеокамера ва бошқалардан фойдаланадиган бўлсагина раислик қилувчининг рухсати талаб этилишини тушунтирдик. Ички ишлар формасидаги Миллий гвардия ходимлари, суд ёрдамчилари ва бизнинг ўртамизда бир муддат тортишув бўлиб ўтди. Бу вақтда ишни кўраётган судья Хайриддин Шермуҳамедов бизни 3-4 қадам нарида кузатиб турди, лекин жараёнга аралашмади, фикр ҳам билдирмади.
Суд залига барча иштирок этувчилар кирди ва раислик қилувчи Шермуҳамедов пинагини бузмай суд ишини бошлаб юборди. Биз яна тортишувни давом эттиргач, суд ёрдамчиларидан бири судьянинг ёнига борди ва ундан жараёнга киришимизга рухсат сўради. Аммо судья Шермуҳамедов жараённи аллақачон бошлагани ва журналист вақтида келмаганини айтди. Ваҳоланки, суд жараёни бошланишидан бир неча дақиқа аввал ўша ерда ҳозир бўлгандик, суд ёрдамчилари уни хабардор қилишганди ва унга ҳолат тўлиқ маълум эди.
Ўз-ўзидан бизда бир қанча саволлар пайдо бўлмоқда: нега шу вақтгача барча суд жараёнларига киритилаётган журналист айнан бунисига киритилмади? Нега судья Шермуҳамедов журналист судга кириши учун баҳслашаётган вақтида вазиятни кўра-била туриб аралашмади? Ҳеч қайси қонунда очиқ суд жараёни бошлангач, журналист унга кириши мумкин эмас, деб ёзиб қўйилмаган. Нега жараёнда техникаларсиз оддийгина кузатувчи сифатида қатнашишни мақсад қилган журналистга шунча қаршилик бўлмоқда? Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида фаолият юритаётган айрим ходимлар қонунлардан бехабарми? Масъуллар бунга қандай чора кўради?
Саволлар кўп, жавоблар эса йўқ. QALAMPIR.UZ мазкур ҳолат бўйича расмийлардан изоҳ талаб қилади ва чора кўрилишини сўрайди. Жумладан, Олий суд судларда журналистларга нисбатан бу каби қонунсизлик ва уларнинг ҳуқуқлари поймол қилинишига чек қўйишда Бош етакчи бўлмас экан, ҳали-бери судларга ишонч ортмайди. Қонунлар ижроси эса бугунгидек ўлда-жўлда қолиб кетаверади.