Гулнора Каримовага тегишли бўлган “Сижжак” оромгоҳи сотилмайдиган бўлди
Жамият
−
03 Июль 2023
43546“Сижжак” ва “Чотқол” дам олиш масканлари хусусийлаштириладиган объектлар рўйхатидан чиқарилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 14 июндаги “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир” қарори билан хусусийлаштириш режалаштирилаётган объектлар рўйхатига киритилган ўзгартиришларда келтирилган.
Ўзгартиришларга кўра, “Сижжак” ва “Чотқол” дам олиш масканлари 2021 йилдан буён хусусийлаштиришга ҳаракат қилинаётган объектлар рўйхатидан чиқарилди.
“Сижжак” дам олиш маскани 2022 йил октябрь ойида сотувга қўйилганди. Маскан бундан олдин ҳам икки марта: 2020 йил июнь, 2021 йил апрель ва 2022 йил апрелда сотувга қўйилганди. Бино 7 миллиардга баҳоланганди.
Маълумот учун, “Сижжак” дам олиш оромгоҳи Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган. Оромгоҳда меҳмонхона, бир нечта ҳовуз, амфитеатр, коттеж ва бошқа иншоотлар мавжуд. Ушбу оромгоҳга 2017 йил 10 февралда Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан санкция қўйилган.
Кейинроқ оромгоҳ Ўзбекистон Триатлон федерациясига машғулот базаси сифатида фойдаланиш учун берилиши режалаштирилганди. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилганди.