Гулнора Каримованинг собиқ “дача”си яна сотувга чиқарилди
Жамият
−
07 Октябрь 2022
14321Давлат активларини бошқариш агентлиги E-auksion сайтида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Сижжак” дам олиш масканини яна сотувга қўйди.
Оромгоҳнинг умумий ер майдони 5,38 гектар, бино ва иншоотлар майдони 4039,56 квадрат метрни ташкил этади. Мажмуа ҳудудида меҳмонхона бинолари, бир нечта сузиш ҳавзалари, амфитеатр, коттеж, сув минораси ва бошқа иншоотлар мавжуд.
Бошланғич баҳоси – 70 миллиард 68 миллион сўм, омонат суммаси 5 фоиз миқдорида – 3,5 миллиард сўм. Аризалар 7 ноябрь соат 09:00 гача қабул қилинади.
“Сижжак” дам олиш оромгоҳи бундан олдин ҳам икки марта: 2020 йил июнь, 2021 йил апрелда ва 2022 йил апрелда сотувга қўйилганди.
Маълумот учун, “Сижжак” дам олиш оромгоҳи Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган. Оромгоҳда меҳмонхона, бир нечта ҳовуз, амфитеатр, коттеж ва бошқа иншоотлар мавжуд. Ушбу оромгоҳга 2017 йил 10 февралда Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан санкция қўйилган.
Кейинроқ оромгоҳ Ўзбекистон Триатлон федерациясига машғулот базаси сифатида фойдаланиш учун берилиши режалаштирилганди. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилганди.