Гулноранинг қўлдан қўлга ўтган дачаси

Таҳлил

Денгиз сатҳидан 959 метр баландликда, Писком дарёси водийсининг ўнг қирғоғида жойлашган “Сижжак” дам олиш зонаси ҳақида эшитганмисиз. Ёки, шу ёшга чиқиб ҳашаматли “дача”да дам олганмисиз? Йўқ дейсизми? “Сижжак”даги "дача" номини Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова билан қўшиб айтсак, кўпчилик яхши билса керак-а. Ҳа, ўша сиз билган Каримованинг орадан неча йиллар ўтса ҳам нурамаган “дача”си “Сижжак” ҳақида кетяпти гап.

Умумий майдони 5,4 га, бино ва иншоотларнинг майдони 5016 кв метрга тенг бу дам олиш қароргоҳи бир неча йилдан буён сотувга чиқарилиб, пули етадиганлар топилмагач, Касаба уюшмалари федерациясига берилди.

Комплекс ҳудудида меҳмонхона, бир нечта сузиш ҳавзалари, амфитеатр, коттеж, сув минораси ва бошқа иншоотлар бор. Ушбу "дача"да вақти-вақти билан Гулнора Каримова фарзандлари ва дўстлари билан дам олгани, базмлар уюштиргани айтилади.

Аслида, Гулнора Каримовага тегишли “Сижжак” дам олиш зонасини бепул асосда Ўзбекистон Триатлон федерациясига бериш режалаштириляпти деган гаплар 2019 йилнинг июль ойларида болалаган эди.

Ўшанда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тайёрланган қарор лойиҳасида дам олиш зонасида триатлон бўйича миллий терма жамоа шуғулланиши учун федерациянинг машғулот базасини барпо этиш кўзда тутилгани, база ҳудудида Тошкент вилояти бюджети ҳисобидан ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари, сув, электр, газ таъминоти ва автомобиль йўллари қуриш, шунингдек, Республика йўл жамғармаси ҳисобидан велоспорт билан шуғулланиш учун йўллар қуриш кўзда тутилгани айтилган. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида ҳам сўз борган.

Лойиҳада дам олиш зонаси ҳудудида спорт иншооти, меҳмонхона, учта ҳовуз, амфитеатр, коттеж ва бошқа бинолар қурилиши ҳам айтилган. Ҳужжатда “Сижжак” оромгоҳига Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди қарори билан 2017 йил 10 февралдаги иш доирасида чеклов қўйилгани айтилган.

Бу қандай чеклов дейдиганлар ҳам топилса керак. Ҳар холда дача Гулнора Каримовага тегишли бўлган ва у 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик), 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 179-моддаси (Сохта тадбиркорлик), 184-моддаси (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 227-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш билан айблангани ортидан мол-мулкларига санкциялар жорий этилган.

Юқорида айтганимиз қарор лойиҳаси нима бўлгани ҳақида кейинчалик лом-мим дейилгани йўқ. Лекин QALAMPIR.UZ’даги мавжуд маълумотларга кўра, “Сижжак” оромгоҳи Триатлон федерациясига ўтганидан кейин деярли бир йил фойдаланилган ва ундан кейин объектни хусусийлаштириш жараёни бошланган. 

Шу билан ҳашаматли дача атрофидаги гап-сўзлар орадан бир йил ўтиб яна кун тартибига чиқди. 2020 йилнинг июнида Давлат активларини бошқариш агентлиги “Сижжак” дам олиш оромгоҳи сотувга қўйилганини маълум қилди. 

Оромгоҳ ҳа деганда сотилмаган чоғи орадан 9 ой ўтиб, 2021 йилнинг март ойи охирида “Сижжак” дам олиш маскани сотилаётгани ҳақидаги эълон янгиланди.  

Баҳаво “Сижжак”да қурилган бу дачага ҳамма ҳам бормаган. Дача ҳашаматли қилиб қурилгани ва унда хос меҳмонлар кутилгани кўп гапирилган. 2021 йилнинг апрель ойида кўпчиликнинг қадами етмаган бу машҳур дам олиш масканига QALAMPIR.UZ етиб борганди. 

Дачага бориб, унинг ҳақиқатдан ҳашаматли қурилгани ва фойдаланилмаганига анча бўлганига қарамай нурамаганини кўргандик. Аксинча, бақувват деворлар, қимматбаҳо қандиллар, асл мебеллар ўз холича сақланиб турибди. Кинотеатр дейсизми катта бассейн, ичимликлар учун ажратилган алоҳида хона ёки дам олиш учун зоналар, хуллас бу оромгоҳда ҳаммаси бор. Ёз фаслида борасизми ё қаҳратон қишда фарқи йўқ. Бу кошона ҳар фасл учун мўлжаллаб қурилган. Дачанинг нафақат ташқариси, балки ҳовли қисми ва ундаги дарахтлар ва ўсимликларнинг ўзи унга анча пул сарфланганини айтиб туради. Буни қарангки, шу ҳашамат учун пули етадиганлар топилмади чоғи оромгоҳ бир эмас бир неча йил сотилмади. 

Каримовага тегишли дачанинг сотувга чиқарилиши ортидан хусусийлаштириш жараёни қанчалик шаффоф ўтади ва бу мулкни Каримованинг фарзандлари ҳам сотиб олиши мумкинми, деган саволлар кўпайди. Бу саволга Адлия вазири Русланбек Давлетов шундай жавоб берганди.  

“Бугун давлат активларига айлантирилган мулкларнинг сотув жараёнида шаффофлик қанчалик бўлаётганига биз эмас, сиз баҳо берганингиз маъқул. Жараёнлар ОАВда ёритилмоқда. Биз ўйлаймизки, шаффофлик белгиланган стандартлар ва қонунчилик асосида амалга оширилмоқда. Аслида эса қандай? Бунга сиз жавоб беришингиз мумкин. [Жараённи] кузатиб борадиган органлар бор. Шаффофлик таъминланяпти! Агар, “Йўқ, шаффофлик бўлмаяпти”, десангиз, буни кўриб чиқишга тайёрмиз. 

Каримованинг фарзандлари сотув тендерида қатнашиши учун ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тенг ҳуқуққа эга. Агар пули бўлса, белгиланган тартибда сотиб олаверади. Бугунги кунда ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас”, деган Давлетов 2021 йилда.

Давлат активларини бошқариш агентлиги 2022 йилнинг апрели ва октябрида “Сижжак” дам олиш зонасини яна сотувга чиқарди. Бошида бу оромгоҳ қанчага баҳолангани ҳақида маълумот бермаган агентлик, бу гал дачанинг бошланғич баҳоси – 70 миллиард 68 миллион сўм, омонат суммаси 5 фоиз миқдорида – 3,5 миллиард сўм эканини айтганди.

2023 йилнинг июлига келиб Президент Шавкат Мирзиёевнинг 14 июндаги “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир” қарорида “Сижжак” дам олиш маскани хусусийлаштириладиган объектлар рўйхатидан чиқарилгани маълум бўлди.

Хуллас, бу дачани оладиган одам бўлмади чоғи, 2025 йилнинг 9 январь куни оромгоҳ мулк ҳуқуқи асосида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига ўтказилгани аниқ бўлди. Касаба уюшмалари федерациясига мулк ҳуқуқи асосида ўтказиладиган болалар дам олиш оромгоҳлари ва дам олиш масканлари рўйхати ҳукуматнинг 2023 йил 25 мартдаги фармойиши билан тасдиқланган. 2024 йил 27 декабрдаги ҳукумат қарори билан ушбу рўйхатга “Сижжак” дам олиш оромгоҳи ҳам қўшилган.

Бу биринчи Президент Ислом Каримовнинг қизига тегишли мол-мулкнинг зарраси холос. Эҳе у маҳкамага тортилганидан кейин қанчадан-қанча маблағлари, мол-мулклари борлиги ўртага чиқди.

Масалан, 2022 йилга келиб, Гулнора Каримова ва унинг бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг Франция, Бельгия, Буюк Британия, Латвия ва Россия каби давлатларда мулклари бўлгани айтилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган брифингда вазир ўринбосари Музроф Икромов маълум қилган.

Масалан, Франция Республикасидан 2020 ва 2021 йилларда тақрибан жиноий уюшган гуруҳ аъзоларига тегишли кўчмас мулкларни (Париж шаҳри яқинидаги 2 та қаср) сотилиши натижасида 20 миллион АҚШ долларига тенг пул маблағлари Ўзбекистонга қайтарилган.

Бельгия Қироллигида ҳам жиноий уюшган гуруҳга тегишли бўлган активлар бўлган. 

Буюк Британияда Гулнора Каримова ва унинг шерикларига тегишли бўлган умумий қиймати 10 миллион фунт стерлинг миқдоридаги маблағлар ва 3 та кўчмас мулк бўлган. 

“The Daily Mail” нашри Буюк Британияда Гулнора Каримовага тегишли бўлган мулклар рўйхатига Суррейдаги уй ва Лондоннинг нуфузли майдонларида умумий қиймати 40 миллион фунт ўша актда 52 миллион долларга тенг бўлган иккита квартирани ҳам киритган. 

Қайд этилишича, Суррейда Каримова 2010 йилда 18 миллион фунтга Горсе Ҳилл Манор мулкини сотиб олган. Қаср 1912 йилда қурилган, унинг ҳудудида қайиқда сайр қилиш учун кўл ва 70 минг квадрат метр майдонга эга боғлар жойлашган. Сарой ёнида нуфузли бойларнинг кошоналари, хусусан Бруней султонининг мулки жойлашган.

Буюк Британия пойтахтида ҳам Каримованинг иккита уйи бор. Уларнинг бири Майфаир туманида 8 миллион фунт ва Белгравия вилоятида 2 миллион фунтга сотиб олинган.

Латвия Республикасидаги активлар 15 миллион АҚШ долларига тенг маблағ ва 850 унцияга тенг 26 кг олтин сертификатлари ҳамда Рига шаҳрида жойлашган маданий-кўнгилочар мажмуадан ташкил топган.

2021 йил ноябрь ойида Москва шаҳрида жойлашган активлар 6 та хонадонни Ўзбекистон даромадига ўтказилиши ҳақида Москва шаҳар судининг қарори чиқарилган.

Бош прокуратура Гулнора Каримова қўлга олинганидан кейин унинг ушбу иш доирасида етказилган зарари 165 миллион доллар ва 85 миллиард сўмдан (қарийб 9 миллион доллар)ни ташкил этишини маълум қилганди. 

2020 йилнинг май ойида Адлия вазирлиги Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилгани ва мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетига ўтказиб берилгани ва умумий тартибда ишлатилишини маълум қилганди. 

“Хусусан, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Г.Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 млрд. АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейсария, АҚШ, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда”, дейилган Адлия вазирлигининг 2020 йилдаги ахборотида. 

Кўпчиликда Гулнора Каримованинг миллиардлари ундирилгач нималарга сафланади деган савол ҳам бор эди. Бу саволга 2022 йилда Адлия вазирлиги қуйидагича жавоб берган:

"Собиқ Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримованинг ноқонуний йўллар билан орттирган ва Швейцария банкларида сақланаётган 131 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пуллари Ўзбекистонга қайтарилгач, ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти расмий вакилининг Нью-Йоркда ўтган брифингда айтишича, маблағлар Ўзбекистонга бир неча транш шаклида келади.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси ва Швейсария Конфедерацияси ўртасидаги Швейсария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларига қайтариш йўллари тўғрисида”ги битим қуйидаги принципларга эга:

•    очиқлик ва ошкоралик, реституция тўғрисидаги ахборотни жамоатчиликка очиқ эълон қилиш,

•    ушбу жараёнда фуқаролик жамиятининг иштироки;

•    қайтарилган маблағларни пировардида ижтимоий соҳага, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига йўналтирилиши;

•    Ўзбекистон ва Швейсария ўртасида реституция масалалари бўйича доимий, самарали ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотнинг давом эттирилиши”, дейилган Адлия вазирлигининг 2022 йилдаги расмий ахборотида. 

2023 йилга келиб, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Гулнора Каримованинг қайтарилган активлари оналар ва болаларнинг ўлимини камайтиришга сарфланади деб чиқди. 

Ваколатхонанинг ёзишича, Гулнора Каримованинг Швейсарияда мусодара қилинган активларини қайтариш учун тузилган Ўзбекистон Висион 2030 жамғармаси БМТнинг янги лойиҳасини қўллаб-қувватлаш учун 43,5 млн доллар миқдорида маблағ ажратган. Пуллар мамлакатда оналар ва янги туғилган чақалоқларнинг ўлимини сезиларли даражада камайтиришга сарфланади. 

2025 йилга келиб Гулнора Каримова унинг орттирган бойликлари миқдори қанчага етгани ва улардан қанчаси Ўзбекистонга қолдирилгани ҳақида расмий ахборот мавжуд эмас. Ҳатто Каримованинг жазони ижро этиш колониясидан манзил-колониясига ўтказилгани ҳақида ҳам расмий идоралар ахборот бераётгани йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова Ислом Каримов Сижжак дача биринчи Президент

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг