Ким олади-ё, шугинани-ё? – давлатнинг учта йирик активи сотувга қўйилди
Жамият
−
20 Апрель 2021
11606Ўзбекистондаги ислоҳотлар фақатгина янги бинолар қуриш билан эмас, балки мавжудларини сотиш билан ҳам давом эттирилмоқда. Бир пайтлар қурилган ва айни дамда фойдаланилмаётган иншоотлар Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) томонидан сотувга қўйилди. Уларнинг ичида Тошкент вилоятидаги 3 та йирик актив ҳам бор. Булар қуйидагилар:
• “Белдирсой” дам олиш маскани;
• “Қизил сув спорт-соғломлаштириш маскани” МЧЖ;
• “Сижжак” дам олиш маскани.
Давлат активларини бошқариш агентлиги кеча, 16 апрель куни маҳаллий ва хорижий ОAВ ва блогерлар учун Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида оммавий савдоларга чиқарилган давлатнинг 3 та йирик активига пресс-тур ташкил қилди.
Илк манзил Бўстонлиқ тумани Белдирсой трактида жойлашган “Белдирсой” оромгоҳи тоғ-чанғи мажмуаси бўлди. Комплекс денгиз сатҳидан 1700 метр баландликда, Тянь-Шань тизмасининг этагида жойлашган. Ушбу чанғи курортида биринчи тиббий ёрдам шохобчаси, бадминтон корти, паинтбалл ҳамда 2 та теннис корти мавжуд. “Белдирсой” мажмуаси фақатгина қиш фаслида ишлайди.
Экскурсиянинг иккинчи объекти “Сижжак” оромгоҳи бўлди. “Тянь-Шань марвариди” деб номланган Сижжак курорт зонаси денгиз сатҳидан 959 метр баландликда, Пскем дарёси водийсининг ўнг қирғоғида жойлашган. Ер участкасининг умумий майдони 5,4 га, бино ва иншоотларнинг майдони 5016,1 кв.м. Комплекс ҳудудида меҳмонхона, бир нечта сузиш ҳавзалари, амфитеатр, коттеж, сув минораси ва бошқа иншоотлар бор.
Ташкил этилган ушбу пресс-турнинг сўнгги манзили Қизил-Сув қишлоғида жойлашган “Қизил сув спорт-соғломлаштириш” мажмуаси бўлди. Ушбу мажмуанинг ер майдони 5,9 гектар, бино ва иншоотларнинг майдони 2746,2 квадрат метрдан иборат.
Сотувга қўйилган ушбу 3 та йирик давлат активларини сотиш жараёни махсус тендр асосида бўлиб ўтади. Яъни ҳар битта иншоотнинг ДАБА томонидан умумий қиймати баҳоланиб, бошланғич нарх эълон қилинади. Шундан сўнг белгиланган мажмуага қизиқиш билдираётган инвесторлар ким ўзарга нархларни оширишлари мумкин. Энг юқори маблағ таклиф қилган чет эллик ёки маҳаллий инвесторгина ушбу активни сотиб олиш имкониятини қўлга киритади.
Шуни айтиб ўтиш керакки, агарда инвесторлар томонидан бошланғич нархга қараганда пастроқ маблағ таклиф қилинса, иншоот сотилмаслиги ҳам мумкин. Бундай ҳолатда тендр тўхтатилади ҳамда сотувга чиқариш жараёни қайтадан амалга оширилади. Таклиф қилинган нархлар бошланғич нархга нисбатан паст бўлса ва белгиланган нархда бирор инвестор сотиб олиш таклифини билдирмаса, ДАБА томонидан махсус чегирмалар эълон қилиниши мумкин.
Мазкур объектлар Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат активларини хусусийлаштиришни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ хусусийлаштирилмоқда. Сотувга қўйилган ушбу мажмуалар хусусийлаштирилиши натижасида қўшимча иш ўринлари яратиш, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада ошириш режалаштирилган.
Маълумот ўрнида, 2021 йилда Тошкент вилоятидаги жами 80 та объектни “E-Ijro Auksion” орқали сотиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 38 та мажмуа сотиб бўлинди. Шундан 10 таси харид қийматида, 28 таси эса инвестеция киритиш мажбурияти билан сотилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь