Тошкент вилоятида одамларни миллиардларга чув туширган шахс қамалди
3-саҳифа
−
22 Февраль
10415Тошкент вилоятида йирик миқдордаги фирибгарлик, ўғрилик, ёлғон гувоҳлик бериш, порада воситачилик, туҳмат ва бошқа 10 дан ортиқ жиноятларни содир қилган шахс 8 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Тошкент туман судининг очиқ суд мажлисида фирибгарлик, пора беришда воситачилик, ёлғон гувоҳлик бериш, туҳмат, ўқ-дориларни ўғирлаш ва ноқонуний ўтказиш каби оғир ҳамда ўта оғир жиноятларни содир этган шахсга нисбатан суд ҳукми эълон қилинган.
Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ўтказилган тергов ва суд ҳужжатларига кўра, судланувчи 2021-2024 йиллар оралиғида 13 та ҳолатда фуқароларнинг ишончига кириб, уларга турли ваъдалар бериб, йирик миқдорда молиявий маблағларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Хусусан, у автотранспорт воситаларини арзон нархда олиб бериш, ер майдонлари ва кўчмас мулкларни сотиб олиш, юқори даромадли ишга жойлаштириш каби баҳоналар билан бир неча фуқароларнинг пулларини ўзлаштирган. Фирибгарлик йўлида эса энг яқин танишларини ҳам аямаган.
Жумладан:
2021 йил 10 август куни у бир фуқарога арзон нархда автомобиль олиб беришни ваъда қилиб, ундан жами 5800 доллар миқдорида пул маблағларини олган ва ўз эҳтиёжлари учун ишлатган.
2022 йил 15 октябрда яна бир аёлга арзон нархда автомобиль олиб беришни ваъда қилиб, орадан вақт ўтгач, машина эмас, ер участкаси олиб беришини айтиб, жами 2100 доллар миқдоридаги пул маблағларини қўлга киритган.
2023 йил 1 октябрда яна бир фуқарога ер участкасининг кадастр ҳужжатларини мансабдор танишлари орқали расмийлаштириб беришга кўндирган ва пора беришга далолат қилиб, жабрланувчидан 10 минг доллар олган, бироқ ваъдасини бажармаган.
2022 йилнинг июнь ойида бошқа бир жабрланувчини 2000 доллар билан “Амирсой” дам олиш масканидаги 10 миллион сўм маошлик ишга киритиш ва Зангиота туманидаги бир нечта ер майдонини номига ўтказиб беришга ишонтириб, жами 28 минг 700 доллар миқдоридаги пул маблағларини ўзлаштирган.
2023 йилнинг июль ойида яна бир фуқаронинг ишончига кириб, 38 минг 500 доллар миқдоридаги пулларни ер олиб бериш баҳонасида олиб, қайтариб бермаган.
2023 йил 5 октябрда яна бир жабрланувчига ўзининг паспорт нусхасига тилхат ёзиб, ер олиб беришга ишонтирган ва 10 минг долларни қўлга киритган.
2024 йил 25 январда жабрланувчи аёлга Бўстонлиқ туманида дала ҳовлини ижарага олиб беришини ва бу катта фойда келтиришини ваъда қилиб, 10 минг доллар пулни қўлга киритиб, ваъдасини бажармаган.
2024 йил 22 февралда яқин танишини 20 дона Spark автомобилини электрон аукцион орқали арзон нархда сотиб олишга ишонтириб, Telegram орқали нотаниш МЧЖнинг қалбаки гувоҳномаси суратини юбориб, 61 минг 750 долларни қўлга киритиб, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаган.
2024 йилнинг март ойида эса танишидан қарзга 12 минг 800 доллар олиб, ундан 3500 долларини қайтариб, қолган қисмини бермаслик учун унга туҳмат қилган.
2024 йилнинг баҳорида маҳалладошини дўкон сотиш баҳонасида 65 минг долларга чув тушириб, пулни қайтармаслик эвазига ўғирланган ўқ-дориларни жабрланувчининг ҳовлисига яшириб, ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берган. Тезкор тадбирда ушбу ўқ-дорилар далилий ашё сифатида расмийлаштирилиб, унинг ўзига нисбатан иш қўзғатилган.
Бундан ташқари, судланувчи ер майдонлари ва кўчмас мулкларни расмийлаштириш учун пора беришда воситачилик қилган. У турли ҳужжатларни сохталаштириш, ёлғон гувоҳлик бериш ва туҳмат қилиш орқали ноқонуний даромад орттиришга ҳаракат қилган.
Шу каби усуллар билан у бошқа фуқароларни ҳам чув тушириб, жами 2,8 миллиард сўмлик зарар етказган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисмининг “а” банди, 28 (жиноят иштирокчиларининг турлари), 211-моддаси (пора бериш) 2-қисмининг “б” банди, 237-моддаси (ёлғон хабар бериш) 2-қисмининг “а,г” бандлари, 139-моддаси (туҳмат) 3-қисмининг “а,г” бандлари, 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 3-қисмининг “б” банди, 247-моддасининг (ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини, портловчи моддаларни, портлатиш воситаларини ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш) 1-қисми, 248-моддасининг (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар қоплаш учун судланувчидан 2,8 миллиард сўм ундирилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида миллиардер Алишер Усмонов номидан Telegram гуруҳ очиб, одамларнинг пулини ўзлаштирганлар қўлга олинганди.
LiveБарчаси