Курс UZS

USD

12 926.51

-9.17

EUR

14 092.48

-72.09

RUB

156.00

-2.8

Telegram’да Алишер Усмонов номидан одамларни “шилганлар” ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Тошкент вилоятида миллиардер Алишер Усмонов номидан Telegram гуруҳ очиб, одамларнинг пулини ўзлаштирганлар қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, вилоят ИИББ Киберхавфсизлик бўлими ва Оҳангарон шаҳар Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Telegram’да “Алишер Усмонов акцияси” номли 200 дан ортиқ гуруҳ очиб, фуқароларни “Акцияда 20 миллион сўм мукофотига эга бўлдингиз” каби сўзлар билан алдаб, пул маблағларини ўзлаштираётган 7 нафар шахс қўлга олинган.

Маълум бўлишича, Оҳангарон шаҳрида яшовчи 25 ёшли Ш.Б. ўз хонадонида Фарғона вилоятида яшовчи 18-25 ёш орасидаги 6 нафар шахсларни жалб қилган ҳолда Telegram орқали “Алишер Усмонов акцияси” номи билан 200 дан ортиқ гуруҳ очиб, фаолият юритган. Гуруҳда фуқароларга ютуқ чиққани ҳақида ёлғон маълумотлар юборилиб, ютуқни олиш учун бадал пули талаб қилинган ва турли миқдордаги пул маблағларини бошқа шахслар номидаги банк карталарига тушириб, ўзлаштиргани аниқланган.

Тадбир давомида мазкур хонадондан 4 дона компьютер, 11 дона телефон, Wi-Fi қурилмалари ҳамда турли банк карталари далилий ашё сифатида олинган.

Дастлабки суриштирувларга кўра, ушбу гуруҳнинг ҳар бир аъзосига алоҳида вазифа белгиланган. Бир шахс сохта чек тайёрлаб, гуруҳларни назорат қилса, бошқаси реклама тарқатиш ва гуруҳларга одам йиғиш билан шуғулланган. Шунингдек, яна бири фуқаролар билан мулоқотга киришиш вазифасини бажарган бўлса, бошқаси кунлик пул тушумларини банкоматлар орқали нақдлаштириш билан шуғулланган.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистон Республикасида фуқаронинг 46 млн сўм пулини сохта трейдерлик йўли билан ўмарган шахс ушланган эди. Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилиб, ўзига тегишли бўлган банк пластик картасидан 46 млн сўм пул маблағи ечиб олинганини маълум қилган. Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида мурожаатчи ижтимоий тармоқдаги трейдерлик гуруҳига аъзо бўлгани ва “пулингизни кўпайтириб берамиз” деган сохта трейдерларга 46 млн сўм пулини ўз пластик картасидан бўлиб-бўлиб ўтказиб бергани аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Усмонов фирибгарлик Telegram

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг