Қурол, наркотик ва фоҳишахона сақлаш. Тошкент вилоятида катта рейд бўлиб ўтмоқда (видео)

3-саҳифа

image

Тошкент вилоятида “Хавфсиз ҳудуд” тезкор профилактик тадбири ўтказилмоқда. Бу ҳақда вилояти ИИББ хабар берди.

Билдирилишича, гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятларга қарши кураш йўналишда ўтказилган тадбирлар натижасида 266 та ҳолат аниқланиб, жами 123,8 кг гиёҳванд ва психотроп моддалар ноқонуний муомаладан чиқарилган. Хусусан, 12 февраль куни Чиноз туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида Қашқадарё вилоятида яшовчи, 1993 йилда туғилган шахс 398 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини автомашинада яширинча олиб кетаётган вақтида қўлга олинди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси ( Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Шу каби, қидирувдаги шахсларни аниқлаш йўналиш бўйича суд ва тергов органларидан яширинган ҳамда бошқа сабабларга кўра қидирувда бўлган 168 нафар шахс қўлга олинган. Шулардан 6 нафари хорижий давлатлардан экстрадиция қилинган. Бундан ташқари, 65 нафар бедарак йўқолган шахс топилиб, оила аъзоларига қайтарилиши таъминланган.

“Одам савдосига қарши ўтказилган тадбирлар давомида, аёл ва қизларни шаҳвоний мақсадда Ўзбекистон ташқарисига олиб чиқмоқчи бўлган 8 нафар шахс далилий ашёлар билан ушланди. Натижада 5 нафар аёл одам савдоси қурбонига айланишининг олди олинди. Хусусан, 2006 йилда туғилган қизни Туркияга ноқонуний равишда олиб чиқмоқчи бўлган, Олмалиқ шаҳрида яшовчи 1998 йилда туғилган аёл Тошкент халқаро аэропортида қўлга олинди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, ахлоқ ва соғлиққа қарши жиноятлар билан курашиш йўналишида орттирилган иммун танқислиги синдроми (ОИТС)ни тарқатиш билан боғлиқ 13 та ҳолат аниқланиб, ушбу шахсларга нисбатан қонуний ҳуқуқий чора кўрилиши натижасида, ушбу шахсларнинг бошқа фуқароларга инфекция юқтиришининг олди олинган. Шунингдек, тадбир давомида қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш билан боғлиқ 85 та, фоҳишалик билан шуғулланиш бўйича эса 16 та ҳолат фош этилиб, барчасига нисбатан тегишли тартибда қонун устуворлиги таъминланган.

Шу каби, уюшган жиноятчиликка қарши кураш доирасида ноқонуний қурол сақлаш, товламачилик ва қиморхона ташкил қилиш билан боғлиқ 27 та жиноий ҳолат аниқланди. Барча гумонланувчиларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилди.

Қайд этилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва юрт осойишталигини мустаҳкамлаш мақсадида бу каби чора-тадбирлар изчил давом эттирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент вилояти фоҳишахона психотроп наркотик қурол гашиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг