G7 нинг тўрт давлати Россияга зарба беришга келишиб олди

Олам

image
0:00
0:00
download

Буюк Британия, АҚШ, Япония ва Канада Россия Украинага ҳужум қилгани учун жорий этилган санкцияларни кенгайтиришга қарор қилди. Британия ҳукумати матбуот хизматининг кеча, 26 июнь куни Германиянинг Бавария ўлкаси, Элмау қасрида G7 саммити бошланишидан олдин эълон қилган хабарига кўра, “Катта еттилик”нинг ушбу тўртта давлати “яқин келажакда” Россия олтини импортига тақиқ қўяди.

Ҳужжатда қайд этилишича, саммитда Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон G7’нинг бошқа давлатларини ҳам ушбу тақиққа қўшилишга ундайди.

Британия ҳукуматига кўра, бу чоралар “рус олигархлари” ва Россия Президенти Владимир Путиннинг “уруш машинасининг юраги”га бевосита таъсир қилади. 

“Путин режимига пул жўнатмасини тўхтатиш керак”, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Ҳужжатда таъкидланишича, ушбу қимматбаҳо металнинг халқаро савдосида Лондоннинг марказий ролини ва АҚШ, Япония, Канада томонидан кўрилган параллел чоралар ҳисобга олинса, Россия олтинининг импортини тақиқлаш “глобал оқибатларга олиб келади ва Россия олтинини халқаро бозорлардан чиқариб ташлайди”. Ушбу санкциялардан мақсад Россияни халқаро молия тизимидан янада изоляция қилишдир, дейилади ахборотда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

67

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг