Францияда 3 кишини ўлдирган қотил кимлиги аниқланди
Олам
−
30 Октябрь 2020
26454Франциянинг террорчиликка қарши прокуратураси раҳбари Жан-Франсуа Рикар Ницца шаҳрида қуролли ҳужум уюштирган эркак асли тунислик бўлиб чиқди. У октябрь ойи бошида мамлакатга келган.
Рикар ҳужум қилган шахсдан Италия Қизил ҳочининг 1999 йилда туғилган Тунис фуқаросига берилган ҳужжати топилганини таъкидлади.
“Биздаги маълумотларга кўра, у 20 сентябрь куни Лампедуза ороли орқали Италияга кирган. Кейин 9 октябрда Парижга келган”, деган Рикар.
У суриштирув ишлари давом эттирилаётганини, бузғунчининг ҳаракат йўналишини аниқлаш зарурлигини, шунингдек, унинг шериклари бор-йўқлигини аниқлаш кераклигини маълум қилган.
Прокурорнинг қўшимча қилишича, ҳужум қилган йигит махсус хизматлар “эътибори”га тушмаган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 29 октябрь куни Ницца шаҳридаги Нотр-Дам номли маҳаллий собор ёнида пичоқ билан қуролланган киши одамларга ҳужум қилди. Оқибатда уч киши қурбон бўлди. Улар орасида черков руҳонийси ҳам бор. Қурол билан тажовуз қилган шахс қўлга олинган.
Воқеани текширишга Франциянинг Миллий аксилтеррор прокуратураси жалб қилинди. Ницца ҳужумидан икки соат ўтгач, яна бир тажовузкор Авиньон коммунасида кўчадан ўтаётганларни пичоқ билан қўрқитди ва полиция патрулига ҳужум қилмоқчи бўлди. Шу пайтда қуролланган шахс полиция томонидан отиб ўлдирилди.
Бундан ташқари, бугун Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида маҳаллий аҳоли Франция консуллиги қўриқчисига пичоқ билан ҳужум қилган. Полиция ҳужум қилган шахсни жиноят жойида ҳибсга олган.
Россия Президенти Владимир Путин Франция Президенти Эммануэль Макронга Ниццадаги воқеа муносабати билан ҳамдардлик билдирди ҳамда уларнинг ғазаб ва қайғусига шерик эканини маълум қилди.
LiveБарчаси