Фарғонада ижара уйини нарколабораторияга айлантирган шахслар ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Фарғона вилоятининг “Миндонобод” маҳалласидаги уйлардан бирида синтетик гиёҳвандлик воситалари тайёрлаш учун ташкил этилган нарколаборатория аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.  

Маълум бўлишича, Марғилон шаҳрида яшовчи 1990 ва 2001 йилларда туғилган уч нафар шахс хонадонни ойига 250 АҚШ долларига ижарага олиб, у ерда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш билан шуғулланган.

Тезкор тадбир давомида манзилдан 12 кг 821 гр синтетик наркотик моддалар, жумладан 8 кг 185 гр Альфа-ПВП, 4 кг 209 гр “Спайс”, 427 гр “Мефедрон”, шунингдек, уларни тайёрлашда фойдаланиладиган 12 кг 326 гр махсус суюқлик ва 13 кг 925 гр тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида мусодара қилинди.  

Экспертизага кўра, мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларининг қора бозордаги баҳоси 9 млрд 185 млн сўмга тенг.  

Тергов давомида аниқланишича, гумонланувчилар гиёҳванд моддаларни интернет орқали сотувчи жиноий гуруҳ аъзолари томонидан “закладка” усулида етказиб берилган хом-ашёлар асосида ишлаб чиқариб, тайёр маҳсулотни белгиланган махфий жойларга яширишган. Улар гиёҳванд моддаларнинг геолокация маълумотларини жиноий гуруҳ аъзоларига узатиб боришган.

Бундай фаолият эвазига улар ҳар ҳафта криптовалюта шаклида 500 АҚШ долларидан маош олган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 4-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.  

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида ҳам 23 килограмдан ортиқ кучли таъсир қилувчи моддалар сақланган яширин нарколаборатория фош этилган эди. У ерда прегабалин, тропикамид, трилон каби моддалар ва лаборатория жиҳозлари топилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Фарғона нарколаборатория

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг