Эрдўғаннинг умумий пул бирлигини яратиш ҳақидаги таклифи ортида нима бор?
Таҳлил
−
17 Февраль 2020
13429Маълумки, 2019 йилнинг 15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти тарихда илк бор Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Президент Ўзбекистон мазкур ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро туризм алоқаларини ривожлантириш, маданий йўналишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун қўшилганини таъкидлаган эди.
QALAMPIR.UZ манбасига кўра, 2019 йилнинг 15 октябрь куни Баку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳаморлик кенгашида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Кенгашга аъзо мамлакатлар ўртасида умумий пул бирлигини яратиш ва товар айирбошлашда шундан фойдаланиш ҳақида сўз очган. Аммо, бу таклиф Кенгашга аъзо мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланмаган. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида мазкур масала ўртага ташланди.
“Ҳар бир ташкилотд ҳар хил таклифлар бўлади. Ҳар бир таклифни чуқур ўрганиб чиқилади. Биз бу ташкилотга яқинда аъзо бўлдик. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён 120 дан ортиқ халқаро ташкилотларга аъзо бўлган. Албатта, ҳар бир ташкилотда Ўзбекистоннинг ўз манфаати бор. Унга киришдан аввал, биз роса ўрганганмиз. Унинг плюс-минус, ижобий-салбий томонларини ўрганганимиздан кейин, ўзимизнинг манфаатимизни кўзлаган ҳолда кирганмиз. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига ҳам шу мақсадда кирдик. Бизнинг асосий мақсадимиз – инвестиция ва туристларни олиб келиш, экспортни ривожлантириш. Аъзо давлатларнинг бу борадаги салоҳияти кучли. У ерда қандай таклиф бўлмасин, Туркия таклиф берадими, Озарбайжон ёки Қозоғистон, Қирғизистон таклиф берадими, албатта, бу таклиф чуқур ўрганиб чиқилгандан кейин Ўзбекистон манфаатига жавоб берадиган бўлса, қарор қабул қилинади”, дейди Илҳом Неъматов.
Айни вақтда Туркиянинг қатор мамлакатлар билан муносабатлари зиддиятли тус олиб бормоқда. Жумладан, АҚШ билан алоқаларнинг таранглашуви ортидан Россия ва Туркия товар айирбошлашни миллий валютада амалга оширишни келишиб олдилар. Бироқ, бу режа бошқа мамлакатлар кутилганидек натижа бергани йўқ.
Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиши ҳеч қандай ҳарбий ва сиёсий блокларни назарда тутмаслиги аввал бошданоқ белгилаб қўйилган эди. Хусусан, бундан бир неча ой аввал Стратегик тадқиқотлар институти директори Санжар Валиев бу ҳақда шундай деганди:
“Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши Марказий Осиёда ҳам, Кавказда ҳам минтақалараро хавфсизликни сақлаш соҳасида ўзаро ҳамкорлик механизмларини таъминлайди. Бу ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокни назарда тутмайди. Аксинча, бу ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва хавфсизликни таъминлайдиган махсус хизматларнинг ўзаро ҳамкорлиги дегани”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 14 сентябрь куни “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонунни имзолади.
Ўша вақтгача 4 та давлат – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (ТДҲК) аъзолари саналар эди. Ташкилот таркиби туркий тилли давлатларнинг раҳбарлари Кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Катта мансабдор шахслари қўмитаси, Оқсоқоллари кенгаши ва Котибиятдан ташкил топган. Котибият Истанбул шаҳрида (Туркия Республикаси) жойлашган.
Ташкилот 2009 йил 3 октябрда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимига мувофиқ ташкил этилган.
Ҳар йили Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши томонидан аъзо давлатлар орасида Турк дунёси маданий пойтахти танлаб олинади. Бу йил ушбу мақом Хива шаҳрига насиб этди.
LiveБарчаси