Ўзбекистоннинг Туркий Кенгашга қўшилиши ҳарбий-сиёсий блокни назарда тутадими?
Жамият
−
12 Октябрь 2019
6914Маълумки, жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолади.
Жорий йилнинг 14-15 октябрь кунлари Озарбайжоннинг Баку шаҳрида мазкур Кенгашнинг VII саммити бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади.
Хўш, 2009 йилда тузилган мазкур Кенгашга Ўзбекистон нима учун 10 йил ўтиб аъзо бўляпти? Бунинг аҳамияти нимада? Бу савол Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Стратегик тадқиқотлар институти вакиллари билан ўтган матбуот анжуманида ўртага ташланди.
Журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, институт дирекори ўринбосари Санжар Валиев Ўзбекистон илгари бошқа ташқи сиёсий мақсадларга эга бўлгани учун бундай яқин ҳамкорликка қизиқиш билдирмаганини қайд этди.
“Ўтган даврда вазият ўзгарди, интеграция жараёнлари кучайди. Замонавий шароитда бирорта давлат савдо-иқтисодий соҳада, қолаверса, инвестицияларни жалб қилишда ўз имкониятларини мустақил равишда ривожлантира олмайди. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига кириш орқали биз барча иштирокчилар учун фойдали бўлган Транскаспий логистика йўналишига қўшиламиз. Хусусан, бу Туркия ва Озарбайжонга ўз маҳсулотлари билан Хитой ва Жанубий Осиё бозорига чиқишга имкон беради. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон учун ушбу транспорт йўли Европа ва Яқин Шарқ бозорига арзон нархларда чиқиш имконини яратади. Шунингдек, маданий-гуманитор соҳаларда, туризмни ривожлантириш борасидаги масалаларни самарали ҳал этиш мумкин бўлади”, дейди Валиев.
Мутахассиснинг қайд этишича, ушбу ҳамкорлик хавфсизлик масалаларига ҳам тегишли.
“Барча мамлакатлар экстремистик ғоялар, радикализм ва терроризмнинг ривожланиши билан боғлиқ таҳдидларга дуч келмоқда. Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши Марказий Осиёда ҳам, Кавказда ҳам минтақалараро хавфсизликни сақлаш соҳасида ўзаро ҳамкорлик механизмларини таъминлайди. Бу ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокни назарда тутмайди. Аксинча, бу ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва хавфсизликни таъминлайдиган махсус хизматларнинг ўзаро ҳамкорлиги дегани”.
Шуни таъкидлаш керакки, жорий йилнинг 14 октябрь куни Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг тўлиқ аъзосига айланади.
“15 октябрь куни Ўзбекистон делегацияси Бакуда нафақат Кенгаш йиғилишида қатнашади, балки ушбу ташкилотни ривожлантириш учун бир қатор ташаббусларни ҳам илгари суради. Мазкур ташкилотга аъзо бўлгач, аъзо мамлакатлар орасида аҳолиси кўплиги бўйича Туркиядан кейин иккинчи мамлакат бўламиз. Бизнинг ушбу Кенгашга аъзо бўлишимиз барча аъзо давлатлар, ижро органлари ва котибият томонидан маъқулланди”, дейди Валиев.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, ушбу ташриф Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжон Республикасига илк ташрифи бўлади. Ташриф натижаларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилиши кутилмоқда.
LiveБарчаси